14:55 | 20.02.24
Шавкат Мирзиёев айрим вазирлик, идора ва вилоят ҳокимликларида ногиронлиги бўлган бирорта одам ишга олинмаганини танқид қилди. 500 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотнинг 43 мингтасида ногиронлиги бўлган шахслар ишлайди.
Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги вазифалар юзасидан ўтказилаётган йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳада президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон 2021 йилда Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани тарихий воқеа бўлди ва ундаги мажбуриятларни бажариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, вилоят ва туман ҳокимлари ушбу шахсларга ёрдам бериш, уларнинг уюшмалари ва ташкилотлари билан мулоқот қилиш, шароит яратиш билан етарлича шуғулланмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Айрим вазирлик, идоралар ва вилоят ҳокимликларида ногиронлиги бўлган бирорта одам ишга олинмагани танқид қилинди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олган корхона ва ташкилотлар учун бир қатор имтиёзлар яратилган. Лекин 500 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотнинг бор-йўғи 43 мингтасида ногиронлиги бўлган шахслар ишлайди.
«Мактаблар, профессионал таълим муассасаларида шароит йўқлиги учун 70 фоиз ота-оналар ногиронлиги бор фарзандларини яшаш жойидан узоқ махсус мактаб-интернатига жойлаштиришга мажбур. Аслида ота-онаси, дўстлари ва маҳалладан узоқлашиш ҳар қандай бола учун катта психологик зарба», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: