19:12 | 04.06.24

                       

Президент фармони билан бир нечта компанияларнинг монополияси бекор қилинади

Президент фармони билан бир нечта компанияларнинг монополияси бекор қилинади.

«Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, Қонунчилик билан тақдим этилган қуйидаги махсус (эксклюзив) ҳуқуқлар бекор қилинади:

2025 йил 1 январдан:

  • «Ўзметкомбинат» АЖнинг республика ҳудудида қора металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш) ҳуқуқи;
  • «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖнинг республика ҳудудида рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш ва экспорт қилиш ҳуқуқи;

«Ўзтрейд» АЖнинг консигнация шартларида озиқ-овқат уни ва буғдойни, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари маҳсулотларини банк кафолатлари ёки сиёсий ва тижорат хавфларидан экспорт шартномаларини суғурталаш полисларини тақдим этмасдан экспорт қилинадиган маҳсулотларни савдо уйлари манзилларига тушириш ҳуқуқи;

  • «Ўзкимёимпекс» МЧЖнинг “Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилотлари кимёвий маҳсулотлари экспорти ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар импортини амалга оширишдаги ягона агент ҳуқуқи;

2026 йил 1 июлдан:

  • «UzGasTrade» АЖнинг табиий газни ягона экспорт қилувчи ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш бўйича ягона оператор сифатидаги ҳуқуқи;
  • «Ўзэнергосотиш» АЖнинг электр энергиясининг экспорти ва импортини марказлашган тартибда амалга ошириш ҳуқуқи.

Маълумот учун, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тақдим этган рўйхатга кўра, 2024 йилнинг 1 март ҳолатида Табиий монополия субъектларининг Давлат реестрида 11 турдаги товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича 89 та хўжалик юритувчи субъект рўйхатга олинган.

Улар орасида «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ, «Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти» МЧЖ, «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бор.

2022 йилнинг май ойида Германия элчиси — UzAuto Motors монополиясини бекор қилиш ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, ўша йилнинг февраль Volkswagen концерни делегацияси ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини ўрганиш мақсадида мамлакатга ташриф буюрган. Ўшанда Тило Клиннер ҳукумат ушбу компаниянинг бозордаги монопол мавқеини 2025 йилгача бекор қилиш режалаштирилаётганини таъкидлаган.

Германия элчихонаси «шартлар бажарилган тақдирдагина» немис автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистон автомобилсозлик саноатига сармоя киритиши тарафдори бўлишини айтган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: