18:13 | 07.06.24

                       

Президент ИИВнинг Мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш марказига борди

Президент ИИВнинг Мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш марказига борди. Давлат раҳбари соҳа ходимлари замонавий технологияларни яхши билиши кераклигини айтди.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими кўздан кечирилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев 7 июнь куни Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш марказини бориб кўрди.

Бу марказ Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси доирасида ташкил этилган. Мажмуа мукаммал таъмирланиб ва замонавий жиҳозланиб, шу йил мартда ишга туширилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Марказ жамоат хавфсизлиги жараёнларини қамраб олган ягона ахборот маконидир. Бу ерда жойлардаги вазият ва ходимларнинг иш-ҳаракати рақамли технологиялар орқали таҳлил қилиб борилади. Хусусан, 10 мингдан ортиқ профилактика инспекторларининг фаолияти 6 та йўналиш бўйича назорат қилинади ва баҳоланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бунда “Е-Жамоат хавфсизлиги”, “Е-Ижтимоий вазият” каби дастурлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат тартибини сақлаш хизматларининг ягона ахборот тизимлари ҳамда 6 мингдан зиёд “ақлли” кузатув камералари интеграцияси қўл келмоқда. Шунингдек, марказда видеоалоқа орқали профилактика инспекторлари, йўл патрул, пост патрул ва пробация ходимлари учун масофавий ўқувлар ўтказилади. Оммавий тадбирларни моделлаштириш орқали ностандарт вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ва тезкор чоралар кўриш ўргатилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, соҳа ходимлари юқори технологияларни яхши билиши лозимлигини таъкидлади.

Бугунги кунда барча соҳаларда сунъий интеллектнинг ўрни кенгайиб бормоқда. Инсонларга қулайлик яратадиган дастурлар билан бирга кибержиноятчилик, фирибгарлик усуллари ҳам кўпаймоқда. Бундай жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш ва фош этиш учун ички ишлар ходими ундан-да илғор, зийрак бўлиши керак.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу боис марказдаги учрашувга ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳузуридаги олий ўқув юртлари ректорлари таклиф этилди. Улардаги ўқув дастурларини шу нуқтаи назардан такомиллаштириш, дуал таълим тизимини жорий этиш, дарслар ва илмий ишларнинг ҳаёт билан ҳамнафаслигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Ички ишлар вазирлигида учувчисиз қурилмаларни қўллаш бўйича тузилма ташкил этиш вазифаси қўйилди. Жиноятчилик профилактикасини кучайтириш, оммавий тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг 2021 йил 29 ноябрдаги фармони билан тасдиқланган жамоат хавфсизлиги бўйича стратегияда 2025 йил якунига қадар тизимни рақамлаштиришни 90 фоизга етказиш белгиланган. Ташриф чоғида давлат раҳбарига шу борада ахборот берилди.

Бу жараён уч босқичда амалга оширилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Биринчи босқичда муаммолар ўрганилиб, иккинчисида шу асосида мутахассислар ва дастурлар тайёрланди. Жумладан, 66 та ахборот тизими ва модуллари ишлаб чиқилди.Уларга вазирлик ва идораларнинг 77 та ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 25 та ахборот тизими интеграция қилинди. Жамоат хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари 18 мингдан зиёд планшетлар билан таъминланди ҳамда рақамли қурилмалардан самарали фойдаланиш бўйича ўқитилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

 

Натижада 155 та ҳисобот, 37 та иш юритиш соҳаси, юзга яқин қайднома ва йиғма материаллар рақамлаштирилган. Бунинг ҳисобига 213 миллиард сўм тежалишига эришилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Энди, учинчи босқичда Маълумотларни қайта ишлаш маркази ташкил этиб, соҳага сунъий интеллектни кенг жорий қилиш, ускуналарни маҳаллийлаштириш каби мақсадлар қўйилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу ерда ички ишлар тизимида қўлланилаётган замонавий техника ва анжомлар намойиш қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: