18:12 | 16.04.24

                       

Президент ип-калаванинг таннархи паст бўлса ҳам тайёр маҳсулот етарли даражада эмаслигини танқид қилди

Президент ип-калаванинг таннархи паст бўлса ҳам тайёр маҳсулот етарли даражада эмаслигини танқид қилди. Мирзиёев мавжуд хомашё билан камида 15 млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлигини айтди.

Шавкат Мирзиёев раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ўтган йили тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш 94 триллион сўмга етиб, сўнгги 7 йилда 4,2 баравар ошгани, 2023 йилда тармоқдаги экспорт 3,1 миллиард доллар бўлгани таъкидланди.

Шу билан бирга, охирги икки йилда жаҳон бозорида тўқимачилик маҳсулотига бўлган талаб камайгани қайд этилди. Бундан ташқари, асосий экспорт бозорларимизда валюта курси билан боғлиқ муаммолар юзага келди.

Шуни ҳисобига ўтган йилда тўқимачилик соҳаси экспорти кутилган кўрсаткичдан 200 миллион доллар кам бўлди.

Президент бугунги кунда тўқимачилик тармоғидаги 6 мингдан зиёд корхона 570 минг аҳолини доимий иш билан таъминлаётганига эътибор қаратди.

Яъни, саноат тармоқлари орасида энг кўп иш ўринлари яратган ҳам, энг кўп аҳолини банд қилиб турган соҳа ҳам бу – тўқимачилик саноати.

Давлат раҳбарининг топшириғига асосан тўқимачиликнинг барча йўналишларидаги тадбиркорлар билан мулоқот қилиниб, уларни ўйлантираётган масалалар ўрганилди ва ечимлар ишлаб чиқилди.

Юздан зиёд тадбиркор таклиф қилинган йиғилишда ушбу масалалар таҳлил қилиниб, янги чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Тармоқдаги долзарб масалалар муҳокама қилинар экан, ўтган йили тайёр маҳсулот экспорти 1,3 миллиард долларни ташкил этгани билан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши етарли даражада эмаслиги қайд этилди.

Яъни, экспортдаги тайёр маҳсулотнинг асосий қисми нархи паст бўлган трикотаж ҳисобланади.

Мамлакатимизда 1 килограмм ип-калаванинг таннархи жаҳондаги нархлардан ўртача 28 фоиз арзон. Бу ўзимизда тайёр маҳсулотни кўпайтириш учун жуда катта имконият. Шунга қарамай, жами ишлаб чиқаришда тайёр маҳсулотлар улуши кутилганидек бўлмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Биздаги хомашё билан камида 15 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, яна 500 мингта янги иш ўрни яратиш учун мавжуд имкониятларни ишга солиш муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: