11:01 | 05.02.24

                       

Президент Олий таълим вазирлигига эътироз билдирди

«Профессионал таълим учун масъул идоралар кўпайиб кетгани сабаб тизим ривожланмаяпти». Давлат раҳбари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги фаолиятига эътироз билдирди.

Шавкат Мирзиёев таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа муҳим йўналишлар бўйича видеоселектор йиғилишда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги фаолиятига эътироз билдирди.

Давлат раҳбари масъул идоралар кўпайиб кетгани туфайли тизим ривожланмаётгани ҳамда иш берувчи ва техникумлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиши кераклигини таъкидлади.

«Профессионал таълим учун масъул идоралар кўпайиб кетгани учун тизим ривожланмаяпти. Иш берувчилар ва техникумлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур. Олий таълимда қамров кескин ошди, соҳага хусусий сектор кириб келди. Лекин сифатга етарли эътибор қаратилмаяпти.

Масалан, талабаларнинг мустақил ишлаши учун муҳит барча олийгоҳларда ҳам бирдек намунали ташкил этилмаган. Аксарият коллеж ва техникумлар ҳам, олийгоҳлар ҳам иш берувчилар талаби билан ҳисоблашмайди. Айримларида дарслик ва адабиётлар етишмайди, бори ҳам бугунги талабларга жавоб бермайди», — дейди Президент.

Илм-фан ва инновацияларга етти йилда 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Лекин илм-фанда «харажат–тадқиқот–маҳсулот» деган формула ишламаётгани қайд этилди.

Айрим ректорларда ташаббус, интилиш, фидойилик етишмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис, олий таълим, фан ва инновациялар бўйича янги вазир тайинланиб, унинг олдига профессионал ва олий таълимда кескин ўзгариш қилиш вазифаси қўйилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: