20:11 | 04.03.24

                       

Президент «Зулфия» мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорни имзолади

Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тантаналарида совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилган.

Шавкат Мирзиёев «Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат Ўзбекистонда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзининг иқтидори, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, ватан равнақи йўлида бор куч-ғайрати, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён этаётган қизларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зулфия номидаги давлат мукофоти комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли қизларини аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, санъат, маданият, спорт соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари иловадаги рўйхатга мувофиқ маъқулланган.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тантаналарида совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилишини таъминлаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаларининг ибратли фаолияти, уларнинг ноёб истеъдоди ва эришган ютуқларини кенг ёритиб бориш тавсия этилган. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ғ.Мирзаев зиммасига юкланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: