15:48 | 07.06.24

                       

Самарқандда 70 та хонадонни қариндошлари номига расмийлаштирган раҳбар ушланди

Самарқандда 70 та хонадонни қариндошлари номига расмийлаштирган раҳбар ушланди. Шунингдек, Тошкент вилоятида ҳам МЧЖни қасддан банкрот қилган раҳбар қўлга олинган.

Самарқанд ва Тошкент вилоятларида МЧЖларни қасддан банкротликка олиб келиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Қайд этилишича, департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда «Ш.Б.» МЧЖ раҳбари Ф.А. МЧЖ Самарқанд шаҳри Фирдавсий кўчасида қурилган кўп қаватли уйларнинг 70 та хонадонини яқин қариндошлари ва танишларининг номига расмийлаштириб бериб, жами 10,5 миллиард сўмни МЧЖ ҳисоб рақамига кирим қилмасдан, МЧЖни қасддан банкротлик ҳолатига олиб келгани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Оҳангарон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «О-Т.» МЧЖ раҳбари Л.К. «А.» хусусий корхонасидан харид қилинган 346,9 миллион сўмлик дори воситалари сотувидан тушган маблағларни МЧЖ ҳисоб рақамига кирим қилмасдан «О.-Т.» МЧЖни қасддан банкротлик ҳолатига олиб келгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 181-1-моддаси (қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш) ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: