18:44 | 11.05.24

                       

Қашқадарёда эркак хотинининг ўлимидан кейин икки қизига зўравонлик қилди

Қашқадарёда эркак хотинининг ўлимидан кейин икки қизига зўравонлик қилди. Қизлар бувиси ҳам уларни қийнашини айтган. Болалар омбудсмани воқеа юзасидан қўшимча маълумот берди.

Қашқадарёда 16 ёшли қиз унга отаси томонидан шилқимлик қилинаётганини ҳақида хабар берилганди. Болалар омбудсмани котибияти, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Қашқадарё вилояти ИИБ вазиятни ўрганди.

Хабар берилишича, 2008 йилда туғилган М.Ш. (қиз бола) ва 2010 йилда туғилган Н.Ш. (қиз бола) ларнинг онаси 2018 йилда вафот этган. Онанинг ўлимидан сўнг, отаси Н.Р. қизига нисбатан турли уятсиз-бузуқ ҳаракатлар, шилқимликлар қилиб, бир неча йил давомида муттасил калтаклаб ҳам келганлиги, турли ҳақоратлар билан унинг шаъни-қадр қимматини поймол қилганлигини маълум бўлган.

2024 йилнинг 25 март кунидан бошлаб, М.Ш. ва Н.Ш. лар ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлганлиги сабабли Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Вояга етмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланиб келган.

Ишчи гуруҳ томонидан қизларнинг келгусида қайси қариндошлари билан яшашни исташи бўйича фикрлари ўрганилди. Жумладан, М.Ш. ва Н.Ш. билан суҳбат жараёнида улар отаси Р.Н. билан яшашни мутлақо истамаслигини билдирган. Қизларнинг айтишига кўра, отаси Р.Н. уларни мактабга юборишни истамай, таълимга тўсқинлик қилиб, турли қаттиқ жисмлар билан уриб келган ва заруратсиз оғир меҳнатга мажбурлаган.

Шу билан бирга, бувиси Л.Н. ҳам уларга турли тазйиқ ўтказган бўлиб, агар айтганини қилмаса, отасига урдиртириш билан таҳдид қилиб келган. М.Ш. ва Н.Ш. лар вафот этган онасининг опа-сингиллари бўлган 2 нафар холаларидан бири билан яшашга истак билдирди.

Ҳозирда вояга етмаган М.Ш. ва Н.Ш. ларнинг Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Вояга етмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланиш муддати тегишлича узайтирилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: