13:30 | 26.01.24

                       

Қашқадарёда 18 ёшли қизни олиб қочган йигит жазоланди

Йигитнинг совчилари маҳалладоши бўлган қизнинг ота-онасидан рад жавобини олгач, уни Тошкентга олиб қочиб кетган.

Bugun.uz‘даги мавжуд маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятида 25 ёшли йигит 2023 йилнинг март ойи бошларида ўзининг маҳалладоши бўлган 18 ёшли қизни Тошкентга олиб қочиб кетган. Бундан олдин эса йигитнинг совчилари қизнинг ота-онасидан рад жавобини олган.

Шундан сўнг, йигит ўқув марказидан қайтаётган қизни машинасига ўтказиб, Тошкентга олиб кетган. Тошкентда бўлишган бир кун давомида йигит қизнинг оиласи қўнғироқларига «ундан ҳавотир олманг, яхшимиз» деган хабар билан жавоб берган.

Эртаси куни вилоятга қайтгани заҳоти нозир томонидан ИИБга олиб кетилган йигитга нисбатан жиноят иши очилиб, иш судга оширилган.

Судда эса судланувчи К.П. қиз билан анчадан буён бир-бирларини яхши кўриши, уни мажбурлаб олиб кетмагани, иккисининг бирга кўплаб фотосуратлари мавжудлигини билдирган.

Жабрланувчи қизнинг айтишича, йигит уни мажбурлаб олиб кетган. У судда аввалроқ алоқада бўлиш учун унга берган телефонни ҳам қўрққанидан олганини айтиб ўтган.

Судда иштирок этган гувоҳнинг сўзларига қараганда, улар вилоятга бирга қайтишган ва қиз йўл давомида яхши кайфиятда мусиқа тинглаб келган.

Суд йигитни Жиноят Кодексининг 136-моддаси (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) моддаси билан айбли деб топган ва унга нисбатан 2 йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: