8:31 | 17.02.24

                       

Қашқадарёда авариявий ҳолатдаги кўприк қулаб тушди

Муборак туманидаги 46 йиллик кўприк устидан юк машинаси ҳаракатлангани учун қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати етмаган. Кўприк баҳорда қайта қуриб, фойдаланишга топширилади.

Қашқадарё вилояти Муборак туманида 16 февраль куни авариявий ҳолатдаги кўприк қулаб тушди. Туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: Муборак тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, ҳудуддан ўтувчи Муборак–Помуқ–Аланг–Нишон‎ автомобиль йўлининг 17-километрида, 1982 йилда (зовур устида) қурилган кўприк оғир юк ташувчи автотранспорт воситаларининг мунтазам ҳаракатланиши оқибатида носоз ҳолатга келиб қолган. Ҳозирда кўприкдан ҳаракатланиш тўлиқ чекланган, ахборот берувчи йўл белгилари ўрнатилган ва автотранспорт ҳаракати учун вақтинчалик айланма йўл ташкил қилинган.

Бироқ 2024 йил 16 февраль куни оғир автотранспорт воситаси айланма йўлдан ҳаракатланмасдан, авария ҳолатида бўлган мазкур кўприкдан ҳаракатланиши оқибатида кўприкнинг темир-бетон плиталари синиши ва қулаб тушиши содир бўлган. Содир бўлган ҳодиса натижасида салбий ҳолат кузатилмаган.

Мазкур кўприк Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2023 йил 10 октябрдаги қарорининг 4-иловасига мувофиқ, 2024 йилда қайта қуриш белгиланган бўлиб, жорий йил 2-чорагида тўлиқ қайта қурилиб фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: