15:00 | 24.01.24

                       

Қашқадарёда хотинини ўз жонига қасд қилиш даражасига етказган эр 8 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди

Эркак 12 йил давомида аёлини турли хил жисмоний ва руҳий қийноқ билан камситиб келгани аниқланган.

Bugun.uz маълумотларига кўра, чироқчилик 44 ёшли эркак 22 йиллик турмушлари давомида хотинини муттасил равишда жисмоний ва руҳий қийноқ билан камситиб келган. Айниқса, 2011 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда эр арзимаган сабаблар билан кўпинча уй юмушлари баҳонасида жанжал чиқариб, аёлига нисбатан раҳмсиз муносабатда бўлган.

Аёлни қариндошлар олдида камситиш мақсадида укасининг тўйига қатнашмаслиги учун уриб тан жароҳати етказиб, ота уйига ҳайдаб юборган.

Ҳаттоки эркак аёлига «сенинг қизларингга ҳеч ким уйланмайди» деб қизлари учун йиғиб келинган сарполарни лойга улоқтириб руҳий ва жисмоний хўрлашда давом этган.

Биздаги маълумотларга кўра, эр аёлига нисбатан қўпол ҳаракатларни давом эттириб, унинг бошига турли жисмлар билан хусусан, тефал ва ўроқ билан ҳам жароҳат етказган. Ҳатто маҳалла фаоллари аралашуви ҳамда ордерлар ҳам оиладаги низога барҳам бермаган.

Узоқ давом этган бундай ҳолатдан сўнг аёл ўз жонига қасд қилган. Ундан олдин аёл жанжал сабаб ота уйига кетган ва яна ўз уйига қайтиб, эри томонидан камситилган.

Ушбу ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида иштирок этган фарзандлар оталарини кечирмасликларини билдириб, унга нисбатан оғир жазо тайинланишини сўрашган.

Суд муқаддам оилавий зўравонликда айбланиб, 1 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланган эркакни Жиноят Кодексининг 103-моддаси, яъни ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш билан айбдор деб топган ва унга нисбатан қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятида ўз хотинини моторли арра билан ўлдирган эркак 13 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: