12:43 | 03.02.24

                       

Қашқадарёда иш вақтида спиртли ичимлик ичган ҳамширага ҳайфсан берилди

Ғузор тумани тез ёрдам бўлими ҳамшираси иш вақтида спиртли ичимлик истеъмол қилгани сабабли унга ва бўлим раҳбарига ҳайфсан жазоси қўлланилди.

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида иш вақтида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳамширага чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди. 

Ғузор тумани тез тиббий ёрдам станцияси сумка бутловчи вазифасида ишловчи ҳамшира  О.Н. ижтимоий тармоқларга мурожаат эълон қилинган. Унда Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қашқадарё вилояти филиали маъмурияти ва касаба уюшма қўмитасига ўзи билан ишлаётган ҳамшира Э.Н. устидан бир неча бор шикоят қилгани, аммо унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаганини қайд этган.

Келтирилишича, О.Н. Н.Э. ва бошқаларнинг устидан бир неча бор мурожаат қилган. Мазкур мурожаатлар тегишли тартибда ўрганилиб, 27 ноябрда Ғузор ТТЁ станциясида ишловчи станция раҳбари М.Ж., Н.Э.га сусткашликка йўл қўйгани ҳамда О.Н.нинг ўзига иш вақтида спиртли ичимлик истеъмол қилгани (бу ҳақда у ўз тушунтириш хатида баён қилган) сабабли ҳайфсан жазоси қўлланилган.

Ҳамшира бундан тўғри хулоса чиқармасдан иш вақтида ўз иш жойини 2 маротаба рухсатсиз ташлаб кетгани учун 23 январда унга ўртача иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима жазоси берилган. Шу билан бирга, бўлимда ишлайдиган ходимлар ўртасида юзага келган носоғлом муҳитнинг олдини олмагани ва бошқа бир неча камчиликларга йўл қўйгани учун бўлим бошлиғи М.Ж.га ҳам худди шундай жазо қўлланилган.

О.Н. катта ҳамшира Н.Э.га чора кўрилишини мунтазам равишда талаб қилиб келишига ўзаро келишмовчилик сабаб бўлган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: