19:48 | 03.01.23

                       

Қирғизистонда фонограммада қўшиқ куйлаш тақиқланди

Қирғизистон маданият вазири Альтинбек Максутов буйруғи билан мамлакатда 2023 йил 1 январдан давлат муассасалари ва оммавий тадбирларда фонограммада қўшиқ куйлаш тақиқланди

Қирғизистонда 2023 йил 1 январдан давлат муассасалари ва оммавий тадбирларда фонограммада қўшиқ куйлаш тақиқланди, деб хабар беради Kaktus.media.

Қайд этилишича, бу борадаги буйруқни 2022 йил 30 декабрь куни мамлакат маданият вазири Альтинбек Максутов имзолаган.

Вазирлик тасарруфидаги барча давлат маданий-маърифий муассасаларида (театрлар, спорт муассасалари, филармониялар, концерт заллари, кинозаллар, клублар, музейлар, кутубхоналар), концерт дастурларида, маданий-маърифий тадбирларда, ўзларининг ёки ижара чиқишларидан қатъий назар, вокал ижролари 2023 йил 1 январдан бошлаб жонли ижро этилиши керак.

Шунингдек, вазир мазкур буйруқ ижросига ҳар бир муассаса раҳбарияти жавобгар эканини маълум қилиб, унга риоя этилишини шахсан назорат қилиши ҳақида огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг сентябрида Фарғонада вилоят байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтиш тақиқланганди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Фарғона вилояти маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувида маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: