23:06 | 22.12.22

                       

Қирғизистонда мамлакат собиқ президентлари давлат уй-жойларига эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади

Шунингдек, давлат қароргоҳида вақтинча яшовчи мансабдор шахслар коммунал тўловларни ўз маблағлари ҳисобидан тўлаши керак бўлади

Қирғизистон парламенти биринчи ўқишда мамлакатнинг собиқ президентларига кафолатлар ҳақидаги қонун лойиҳасига ўзгартишларни маъқуллади. Бу ҳақда мамлакат Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати хабар берди.

Унда қайд этилишича, Қирғизистон собиқ президенти республиканинг янги сайланган давлат раҳбари ўз лавозимига киришган кундан бошлаб бир ой муддатда давлат қароргоҳи ҳудудидаги кўчмас мулк объектларидан фойдаланишни тўхтатади.

Шунингдек, ўзгартиришлар Қирғизистон собиқ президентининг ўз маблағлари ҳисобидан давлат хавфсизлигидан фойдаланиш ҳуқуқини, шу билан бирга, давлат қароргоҳида вақтинча яшовчи мансабдор шахсларнинг коммунал тўловларни ўз маблағлари ҳисобидан тўлаш ҳуқуқини ҳам назарда тутади.

Хабарда келтирилишича, шу пайтгача Қирғизистон собиқ президентининг мақоми тўғрисидаги қонун уларга умрбод давлат ҳимояси, давлат уй-жойлари, бепул транспорт ва тиббий кўрикдан ўтиш ҳуқуқини берган. Бундан ташқари, собиқ президентлар давлат раҳбари ойлик маошининг 75 фоизи миқдорида умрбод нафақа ҳам олиш ҳуқуқига эга бўлган.

Аввалроқ Қирғизистон собиқ президенти Атамбаев озод этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: