11:53 | 15.02.24

                       

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги экинларини совуқдан асраш бўйича кўрсатмалар берди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши сабаб экин ҳамда ўсимликларни қисқа муддатли қаттиқ совуқдан асраш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши сабабли Қишлоқ хўжалиги вазирлиги экинларни асраш бўйича айрим кўрсатмалар берди.

Қайд этилишича, мамлакатга совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда. Бунинг ортида вазирлик аҳолига қишлоқ хўжалиги соҳасида етиштирилаётган экин ҳамда ўсимликларни қисқа муддатли қаттиқ совуқдан асраш ва беталафот ўтиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берди. Улар қуйидагича:

  1. Ўраб қўйиш: иложи бўлса, дарахтлар ва ўсимликларни совуқ уриши ва қордан ҳимоя қилиш учун махсус материаллар (мато, плёнка, крафт-қоғоз, спанбонд) билан ёпиш тавсия этилади. Бу гуллайдиган куртакларни қисқа муддатли қаттиқ совуқдан сақлаб қолишга ёрдам беради;
  2. Озуқа моддалари билан суғориш: совуқ ҳаво массаси кириб келишидан олдин дарахтлар етарли даражада намлик ва озуқа олган бўлишига ишонч ҳосил қилиш. Одатда сувга ва фойдали моддаларга тўйинган дарахтлар паст ҳароратларга кўпроқ чидамлироқ;
  3. Мулчалаш: экинлар илдиз зонасини махсус озуқа моддалар билан қоплаш тупроқдаги иссиқлик ва намликни сақлаб қолишга ёрдам беради, бу эса илдизларни совуқдан ҳимоя қилади;
  4. Шикастланган шохларни кесиб ташлаш: қор оғирлиги остида баъзи шохларни синиши ёки совуқ уриши хавфини камайтириш учун қуриб қолган ёки шикастланган новдаларни кесиб ташлаш мумкин. Сўнг, кесилган жойни мис сульфатнинг сувли эритмаси (1 литр сув учун 1 чой қошиқ модда) билан ишлов бериш мумкин;
  5. Шамолдан ҳимоя қилиш: имконият бўлса, дарахтлар ва ўсимликлар атрофида вақтинчалик шамол тўсиқларини яратиш. Бу тўсиқлар экинларни елвизаклардан асрашга ёрдам беради.

Аввалроқ «Узгидромет» 16 февраль куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 17-19 февраль кунлари республиканинг барча ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши ҳақида хабар берганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: