18:44 | 04.04.23

                       

«Қизларга нисбатан зўравонлик ҳолати қайд этилмаган ҳамда таҳдид қилинмаган». Матвиенко «Хоразм иши» бўйича шошма-шошарликка йўл қўйганини тан олди

У Хоразмда вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилган амалдорларга нима учун озодликни чеклаш жазоси тайинланганини тушунтирди

Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко Хоразмда меҳрибонлик уйидаги вояга этмаган қизларнинг амалдорларга сотилгани ҳақидаги иш бўйича тафсилотларни маълум қилганди. Кейинчалик Матвиенко уларга нима учун 1,5 йилдан озодликни чеклаш жазоси тайинланганини тушунтирди.

«Ички ишлар вазирлиги, прокуратура, судлар қонунда кўрсатилган санкция ва ажримдан четга чиқмаган. Айбдор давлат хизматчилари шундай жазони олди, чунки қонун бунга йўл қўйган. Шунинг учун биз тиш-тирноғимиз билан курашяпмиз», — деб ёзади Матвиенко.

У ишда кўрсатилган эпизодларга асосланиб, эркаклар қизларга нисбатан зўравонлик қилмагани ва уларга таҳдид қилмагани, аслида меҳрибонлик уйи раҳбари таҳдид қилгани, лекин унинг ўзи қизларни зўрламаганини қўшимча қилди. Шунга кўра, тергов ва суд буни зўрлаш деб баҳоламаган.

Агар зўравонлик ва таҳдидлар бўлмаса, Жиноят кодексининг 128-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш), яъни вояга етмаган шахснинг катталар билан ихтиёрий жинсий алоқада бўлиши сифатида кўрилади. Жиноят кодексининг 128-моддасида жиноят содир этилган пайтдаги жазо чоралари турлича: «уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади». Яъни, уларга жамоат хизмати ҳам берилиши мумкин эди. Агар ишнинг янги тафсилотлари пайдо бўлмаса, собиқ бошлиқлар учун энг юқори жазо 3 йил қамоқ жазоси ҳисобланади, чунки қонуннинг орқага қайтиш кучи йўқ. Менимча, бу етарли эмас, лекин қонун шундай , шунинг учун мен ишчи гуруҳдан ҳукмни қайта кўриб чиқишни талаб қилишдан маъно кўрмадим.

«Менимча, бу жазо етарли эмас, лекин баъзи ҳолатларни асоссиз, фақат жамоатчиликни тинчлантириш учун нисбат бериш ҳам нотўғри деб ҳисоблайман. Чунки агар улар билан бу мумкин бўлса, бошқа ҳар қандай одам билан ҳам шундай бўлиши мумкин», — деб ёзади Ирина.

Хоразмда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан бир неча бор жинсий алоқа қилган вилоят адлия бошқармаси ҳамда Янгиариқ тумани фавқулотда вазиятлар бўлими раҳбарлари Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Олий суд мазкур ҳолатга муносабат билдираркан, тарафларга апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят қилиши, прокурор протест келтириши мумкинлиги тушунтирилгани, ҳозирги кунга қадар Олий судга кассация тартибида протест ёки шикоят келиб тушмагани ҳақида маълум қилди.

Шунингдек, Бош прокуратура томонидан Хоразм вилоятидаги ҳолат билан боғлиқ жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳукми ва аппеляция инстанциясининг ажримлари қонунийлиги ўрганилган.

29 март куни судланган Ойбек Машарипов ва Анвар Курязовга енгил жазо тайинлангани ва бошқа ҳолатлар юзасидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган. Олий суд эса ушбу протест жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида 2023 йилнинг 6 апрел куни Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши қўшимча қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: