11:46 | 06.04.23

                       

Қўқон пединститутининг қизлар ётоқхонасига камера ўрнатилгани ортидан проректор ишдан олинди

Шунингдек, хизмат вазифасини суиистеъмол қилган 4 нафар масъул ходим ҳам лавозимидан озод этилган

Қўқон педагогика институтининг қизлар ётоқхонасига камера ўрнатилгани аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Фото: Ижтимоий тармоқ

Маълум қилинишича, Қўқон давлат педагогика институти талаба қизлари шикоятига кўра ҳолат вазирлик томонидан назоратга олинган.

«Вазирлик инсон шахсий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, шахсий маълумотларни очиқлашга уриниш каби хатти-ҳаракатларни қаттиқ қоралайди, ушбу ҳолатни талаба-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш деб баҳолайди. Ҳеч ким инсон эрки ва шахсий ҳаётига дахл қилишга ҳақи йўқ», дейилади хабарда.

Шу боис, бевосита жараёнда иштирок этиб, хизмат вазифасини суиистеъмол қилган 4 нафар масъул ходим, жумладан, воқеада бевосита иштирок этган проректор эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва бир нафар мутахассисга интизомий жазо чораси қўлланилди.

Шунингдек, воқеа иштирокчиси бўлган қизларнинг тазйиқсиз таълим олишлари кафолатланиши қўшимча қилинди.

Ўз навбатида, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан текширув ишлари давом эттирилаётганини маълум қилинди.

Саида Мирзиёева олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан учрашиб, таълим соҳасидаги масалаларни муҳокама қилганини маълум қилди.

Фото:Telegram / SShMirziyoyeva

«Қўқон педагогика институтида содир бўлган воқеа ҳамда талаба қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш чораларини муҳокама қилдик.

Таълим тизими ҳар қандай зўравонликка қарши курашни бошлашимиз керак бўлган асосий платформалардан биридир», — деб ёзади Мирзиёева.

Фото:Telegram / SShMirziyoyeva

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: