20:39 | 26.05.24
Қорақалпоғистонда ҳайдовчи ички ишлар ходимига тан жароҳати етказди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Қорақалпоғистонда ЙПХ ходимига қўл кўтарган фуқаро қамоққа олингани маълум қилинди.
Хабар берилишича, 2024 йил 21 май куни Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЙҲХБ 2 минтақа йўл-патруль хизмати инспектори Тўрткўл тумани Мустақиллик кўчасида ҳаракатланиб келаётган Мatiz шубҳали бўлгани сабаб тўхтатиб, ҳайдовчидан ҳужжатларини сўраган. Ҳайдовчи ЙПХ ходимини менсимасдан, уни уриб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган. Шунингдек, ҳайдовчи ўз хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ходимига фаол қаршилик кўрсатиб, унга тан жароҳати етказган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 219-модда (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 277-модда (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.