13:47 | 06.03.24

                       

Қорақалпоғистонда маст эркак болта билан мактабга борди

Қорақалпоғистонда 45 ёшли маст эркак курткасида болта яшириб, мактабга кириб кетаётган вақтида тўхтатиб қолинди. Аниқланишича, у мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган аёлининг олдига кетаётган бўлган.

Қорақалпоғистонда маст эркак болта билан мактабга борди. Бу ҳақда Миллий гвардия ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 4 март куни соат 15:40ларда Тахтакўпир тумани Даўир маҳалласидаги 4-сонли мактабда Миллий гвардия ходими томонидан мактабга маст ҳолда қўлида болта билан келган фуқаро тўхтатиб қолинди.

Ушбу фуқаро мактабнинг кириш жойида хизмат ўтаётган қоровул ходимининг бегоналарни мактаб ичкарисига киритмаслиги тўғрисидаги огоҳлантиришига ва талабларига бўйсинмасдан, курткаси ичидан болта чиқариб жанжал кўтариб турган бир пайтда «ташвиш» хабари асосида чақирилган ва етиб келган туман қўриқлаш ходимлари томонидан қўлга олинган.

Олиб борилган дастлабки ўрганишлар давомида ушбу фуқаро, Тахтакўпир туманида яшовчи 45 ёшли фуқаро С.Д. эканлиги, мазкур мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган турмуш ўртоғи Р.Б.ни кўришга келгани ва гаплашиб кетмоқчи эканлигини, қўлидаги болтани эса ўтин чопиш олдидан ўткирлатишга олиб чиққанлигини маълум қилган.

Фуқаро С.Д. тезкор гуруҳ ходимлари томонидан туман Тиббиёт бўлимига олиб борилиб, спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги бўйича маълумоти олингандан сўнг, туман ИИБ профилактика инспектори билан бирга тегишли хужжатлар расмийлаштирилган ҳолда, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли мастлик ҳолати бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига ётқизилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Тахтакўпир тумани ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: