8:28 | 29.05.24

                       

Қозоғистон қўшни давлатларга бензин экспорт қилиши мумкин

Қозоғистон қўшни давлатларга бензин экспорт қилиши мумкин. 4 ой давомида мамлакатда 5,9 млн тонна нефть қайта ишланган.

Қозоғистонда ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан таъминлаш даражаси яхшиланган ва расмийлар қўшни мамлакатларга бензин экспорт қилиш имкониятини кўриб чиқади. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазирига таяниб, Inform burо нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, 2024 йилнинг 4 ойи давомида Қозиғистонда 5,9 млн тонна нефт қайта ишланган – бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 фоизга кўп. Йилнинг 4 ойида нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4,28 млн тоннани ташкил этган (бир йил олдинги кўрсаткичдан 6 фоизга кам).

Тўртта заводда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш режа қилинган:

  • Ақтау битум заводи – 1 млн тоннадан 1,5 млн тоннагача (2025);
  • Чимкент нефтни қайта ишлаш заводи – 6 млн тоннадан 12 млн тоннагача (2030);
  • Атирау нефтни қайта ишлаш заводи – 5,5 млн тоннадан 6,7 млн тоннагача (2027);
  • Павлодар нефт-кимё заводи – 5,5 млн тоннадан 8 млн тоннагача (2030).

«Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши ички бозорнинг ёқилғи-мойлаш материалларига ўсиб бораётган талабни 100 фоизга қондириш, шунингдек, нефт маҳсулотларини қўшни давлатларга экспорт қилиш имконини беради», – деган Қозоғистон энергетика вазири.

Аввалроқ ички бозорда ёнилғи балансини сақлаш, шунингдек, нефть маҳсулотлари чиқиб кетиши ва «кулранг» экспорт хавфини минималлаштириш учун хорижликлар учун бензин нархини ошириш режа қилинаётгани айтилган эди. Унга кўра, бошқа мамлакатлар фуқаролари учун Аи-92 ва Аи-93 маркали бензин нархи литри учун 245 тенге (6926 сўм) этиб белгиланади. Дизель нархи литри учун 315 тенге (8905 сўм) бўлиши айтилган.

Маҳаллий истеъмолчилар учун эса (Қозоғистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автотранспорт воситаси рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганда) нарх ўзгаришсиз қолади — кунига 300 литргача бўлган ҳажмда литри учун 205 тенге (5795 сўм). Қозоғистонликлар дизель ёнилғисини ҳам амалдаги нархда — 295 тенге (1 литри 8340 сўм) бўйича харид қилишлари мумкин бўлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: