12:02 | 26.05.24

                       

Қудратли ва манфаатли ҳамкорлик

Ўзбекистон Россиянинг Марказий Осиёдаги стратегик ҳамкори ва иттифоқчисидир.

Россия-Ўзбекистон муносабатлари жадал ва ишончли сиёсий мулоқот билан ажралиб туради, ўзаро муносабатлар анъанавий, дўстона характер касб этган ва турли соҳаларда изчил ривожланиб бораётир.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам халқаро ҳуқуқий асосларга эга. Нафақат  икки томонлама, балки кўп томонлама  ҳамкорликларнинг ёрқин ифодаси – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Евросиё Иқтисодий Ҳамжамияти ҳамда «Россия–Марказий Осиё» форматлари доирасида акс этган. 2022 йилнинг  15 сентябр санасида Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланган.

Биргина 2023 йилда мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқнинг умумий ҳажми 10 миллиард доллардан ошди. Россия Ўзбекистонга металл ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, техника-технологиялар, саноат ускуналари ҳамда  транспорт  воситаларини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги хомашёси, озиқ-овқат маҳсулотлари, шакар, гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб беради. Булардан ташқари, Ўзбекистонда Россия ёғочи, пулпаси, қоғоз маҳсулотлари, кимё саноати минерал маҳсулотларига талаб юқори. Ўзбекистон Россияга тўқимачилик, пойабзал, озиқ-овқат маҳсулотлари,  янги ва қуритилган мева-сабзавотлар, ёнғоқ, қишлоқ хўжалиги хомашёси – пахта, шунингдек, кимё саноати маҳсулотлари етказиб беради.

2022-2026 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорликнинг комплекс дастурига асосан, Россия ва Ўзбекистон савдо, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, алоқа, молия, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм ва минтақалараро ҳамкорликда давом этмоқда.

 

Иқтисодий ҳамкорлик

2023 йил апрел ойида AVTOVAZ Бош директори Максим Соколов компания Ўзбекистонда янги авлод LADA VESTA автомобилини йиғишни ташкил этиш масаласини кўриб чиқаётганини эълон қилганди. Гап йилига 15 мингта автомобил ишлаб чиқариш режалаштирилган ADM Jizzakh заводида LADA автомобилларини йиғишни бошлаш ҳақида бормоқда. Компания келгусида мамлакат бозорининг 10 фоизини эгаллаб, йилига 30 мингта автомобил ишлаб чиқаришни режалаштиргани айтилган.

Россияда Ўзбекистон капитали иштирокидаги 600 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон ўтган йили 2 миллион куб метрдан ортиқ ёғоч импорт қилган. Ўзбекистоннинг 250 та тўқимачилик компанияси ўз маҳсулотларини Россия бозорига етказиб бермоқда. Мазкур компанияларнинг 44 таси Россиянинг турли минтақаларида ўз савдо уйларини очиб улгуришган. Ўзбекистонда Россия иштирокидаги 2100 дан ортиқ корхоналар аккредитациядан ўтган ваколатхоналари фаолият олиб бормоқда. «Газпром», «Лукойл», «Вымпелком», «Северсталь», «Силовые машины», «РУСАЛ», «Ростсельмаш», «ВТБ», «Внешэкономбанк» каби йирик компаниялар минтақавий офисларига эга.

Ҳозирги кунда қиймати 150 миллиард доллардан зиёд 14 қўшма лойиҳа ишга тушган бўлиб, улар нефт кимё соҳаси, тоғ-кон металлургияси, энергетика соҳаси, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қурилиш материаллари ва тўқимачилик маҳсулотлари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш соҳаларида амалга оширилмоқда.

 

Туризм соҳасида ҳамкорлик

Туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик икки томонлама фаол амалга оширилмоқда. 2023 йил апрел ойида Россиянинг Победа авиакомпанияси ҳафтасига икки марта, яъни пайшанба ва якшанба кунлари Москва (Внуково) – Самарқанд йўналиши бўйича Ўзбекистонга биринчи рейсни бошлади. Қайтиш рейслари ҳафтада икки марта – душанба ва жума кунлари амалга оширилади.

Россиялик сайёҳлар, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросига, бугунги замонавий қиёфасига, гастрономик хилма-хиллигига катта қизиқиш билан қарайдилар ва Ўзбекистонга саёҳат қилиб, мамлакатнинг қадимий ва навқирон жозибасидан баҳраманд бўладилар. 2023 йил давомида 450 мингга  яқин россияликлар Ўзбекистонга саёҳат қилиш мақсадида ташриф буюришган. 2024 йил бошидан буён россиялик сайёҳлар оқими 20 фоизга ошган.

Ўзбекистон ва Россия икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги парвозлар сонини ҳам сезиларли даражада ошган бўлиб, хусусан, «Тошкент-Москва-Тошкент» йўналиши бўйича парвозлар сони ҳафтасига 39 мартадан 50 мартагача, «Тошкент–Санкт-Петербург–Тошкент» 7 дан 14 гача, «Бухоро – Москва –Бухоро» 10 дан 14 гача, «Урганч–Москва–Урганч» 7 дан 14 мартагача оширилди ва «Тошкент-Красноярск-Тошкент» 7 дан 14 гача оширилган.

 

Энергетика соҳасида ҳамкорлик

Ўзбекистоннинг энергетика инфратузилмасини ривожлантиришда Россиянинг роли ва ўрни ошиб бораётир. Турли лойиҳалар устида ишланмоқда, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбалари ва атом энергияси билан боғлиқ лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Аслини олганда, Ўзбекистон ва Россия энергетика соҳасида узоқ йиллик ҳамкорлардир. 2024 йил бошида мамлакатлар қиймати 20 миллиард доллардан ортиқ қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олишган. Биргина Лукойл компанияси томонидан сўнгги 20 йил ичида, аниқроғи, 2004 йилдан буён Ўзбекистонда нефт ва газ соҳасини ривожлантиришга 8 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритилган ва бу сумма миқдори ошиб бормоқда.

Россия шунингдек, Ўзбекистонда гидроэнергетика ривожланишини қўллаб-қувватлаб келади. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Россия ёрдамидаги қуввати 400 мегаватт бўлган Писком ГЭСи қурилиши бошланиб, ниҳоясига етказилмоқда. Мазкур ГЭС Чорвоқ ГЭСидан кейин ишлаб чиқарилган электр энергияси бўйича иккинчи ўринда туради. Россия Давлат тараққиёт корпорацияси ГЭСни қуриш учун 75 миллион доллар кредит ажратган. Писком гидроэлектр станцияси 2026 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлиб, йилига бир миллиард киловатт электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.

Ўзбекистон энергетика соҳасини янада ривожлантиришда ихтисослашган мутахассисларни тайёрлаш муҳим омил бўлмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистондаги Россия университетлари филиалларининг энергетика соҳасида мутахассислар тайёрлашдаги роли ортиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг энергия хавфсизлиги ва иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутадиган биринчи атом электр станциясини қуриш масаласида ҳам муҳим қадамлар ташланган.

Бугунги кунда Ўзбекистон энергия балансини диверсификация қилиш бошланган. Яъни газга қарамликни камайтириш ва ички фойдаланишни мақбуллаштириш, газ импортига эҳтиёжи ортиб бораётган Хитойга  экспорт ҳажмини оширишни жадаллаштириб бормоқда.

Ўзбекистон катта энергия салоҳиятига эга давлат, Россия эса инвестициялар ва ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали ундан самарали фойдаланишга ёрдам беради. Шундай қилиб, Ўзбекистон 2024 йилда электр энергияси экспортини сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда. Бу 111,8 миллион долларлик даромад сифатида баҳоланмоқда.

 

Ўзбекистон ёқилғи сотиб олиш ўрнига уни ўзи ишлаб чиқаради

2023 йил январ ойида Газпром ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўртасидаги келишув доирасида Марказий Осиё қувури орқали Россиядан газ етказиб беришни ташкил етиш учун технологик шароитлар ишлаб чиқилганлиги эълон қилинди. 2023 йил июнь ойида Петербург иқтисодий форумида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш тўғрисида шартнома имзоланган. Шартномага кўра, бир кеча-кундузда газ етказиб бериш ҳажми 9 миллион кубометрни, йиллик ҳажми деярли 2,8 миллиард кубометрни ташкил қилади.

Россия Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда янги саноат корхоналарини очишни зиммасига олган. Масалан, Газпром концерни кўмагида Қашқадарё Uzbekistan GTL заводи ташкил этилган. Завод қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ суюқ синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш қувватига эга. Бошқача айтганда, Ўзбекистон ёқилғи сотиб олиш ўрнига уни ўзи ишлаб чиқаради.

 

Меҳнат бозори соҳасида ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Россия Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Паспорт-виза хизмати» ҳамда Москва шаҳрининг «Кўп тармоқли миграция маркази» ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлари имзоланган. «Кўп тармоқли миграция маркази» Москва ва Россия бўйлаб меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсат олиш учун комплекс хизматларни кўрсатадиган ваколатли ташкилот ҳисобланади.

Ушбу ҳамкорлик миграция жараёнлари, шу жумладан, миграция марказлари офислари очилишини жадаллаштириш имконини беради. Натижада, Ўзбекистон фуқароларининг Россияда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсат олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш вақти ва харажатлари қисқаради ҳамда Россияга жўнаб кетишдан олдин Республика ҳудудида хизматларнинг бир қисмидан фойдаланишга шароит яратилган. Россия меҳнат бозорида қарийб бир ярим миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари фаолият юритади.

Россия фуқаролари Ўзбекистон меҳнат бозорида IT, энергетика, нефт-кимё, қишлоқ-хўжалиги, тиббиёт ва фарм компанияларида меҳнат қилишади.

Хулоса қилиб айтганда, Москва ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар икки томоннинг ҳам манфаатли соҳаларини ривожлантиради. Мамлакатларнинг дўстона шериклиги икки томонлама муносабатлар салоҳиятини янада тўлиқ очиб бериб, халқаро ҳамкорликни ривожлантириб боришда имкониятларни ошириб бораверади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: