20:12 | 31.05.24

                       

Қумқўрғон тумани ҳокимлиги Сурхондарёда стадион бузилиб ташланганлигини изоҳлади

Қумқўрғон тумани ҳокимлиги Сурхондарёда стадион бузилиб ташланганлигини изоҳлади.

Сурхондарё вилоятида бўш турган ўйингоҳнинг бир қисмига боғча қурилади. Бу ҳақда Қумқўрғон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда «Болалар стадиони йўқ қилиниб, ўрнига қурилиш бошланмоқда» сарлавҳали видео хабарлар тарқалди. Қумқўрғон туман ҳокимлиги ушбу ҳолатга муносабат билдирди ва қуйидагиларни маълум қилди.

Туманнинг Янгиер маҳалласида 4 минг 800 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилиб келаётган бўлиб, 3-7 ёшдаги болалар сони 382 нафарни ташкил этади. Маҳалла ҳудудидаги 5 та оилавий нодавлат ва 1 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 230 нафар болаларни қамраб олган. Бироқ, улар маҳалладаги болаларни тўлиқ мактабгача таълимга қамраб олиш қувватига эга эмас.

Шу сабабли маҳалла аҳолиси томонидан ҳудудда боғча қуриш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатларни инобатга олиб, Янгиер маҳалласида боғча қуриш бўйича давлат дастурига таклиф берилган.

Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг 2023 йил 11 сентябрдаги 83-сон баёнига мувофиқ Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги «2024 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 404-сонли қарорининг 11-бандида Қумқўрғон тумани «Янгиер» маҳалласи ҳудудидан 90 ўринли боғча қурилиши белгиланган.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида«Янгиер» маҳалла фуқаролар йиғинининг 2023 йил 21 сентябрдаги 21-сонли йиғилиш баёнига асосан «Янгиер» маҳалласи ҳудудидаги туман ҳокимлиги захирасида бўлган умумий майдони 1 гектар 15 сотих ўлчамдаги ўйингоҳнинг бўш турган қисмидан боғча қурилиши учун ер майдони танлаб олинган.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг 2023 йил 6-октабрдаги «Қумқўрғон, Шўрчи, Бойсун туманлари ҳудудидан давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилиши учун ер майдонлари ажратиш тўғрисида»ги 502-8-0-Қ/23-сонли қарорига асосан «Янгиер» маҳалласи ҳудудидан 35 сотих ер майдони ажратилган. Ҳозирги вақтда ушбу қурилиш ишлари олиб борилаётган ер майдонидан ташқари замонавий спорт майдончаси қуриш учун 80 сотих ер мавжуд.

Ушбу маҳаллада қурилиши режалаштирилган боғча қўшни бўлган «Мустақиллик» маҳалласининг 3-7 ёшдаги болалари учун ҳам хизмат қилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: