18:09 | 20.12.23

                       

«Рақамлаштириш маҳалладан бошланиши керак» — Мирзиёев

Давлат раҳбари 2024 йил 1 мартга қадар «Рақамли маҳалла» ягона платформасини ишга туширишга топшириқ берди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев IT соҳасини ривожлантириш ва давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Давлат раҳбари йиғилишда «маҳалла бешлиги» планшет ва компютер билан тўлиқ таъминлангани, бироқ, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли рақамли технологиялардан қанчалик фойдаланаётгани савол остида қолаётганини айтган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Рақамлаштириш, энг аввало, маҳалладан бошланиши керак. Қачонки маҳаллага рақамлаштириш тўлиқ кириб борса, шундагина «Электрон ҳукумат» ишлаб кетди, деб айта оламиз», — деган Президент.

Мирзиёев мутасаддиларга 2024 йилнинг 1 март кунига қадар «Рақамли маҳалла» ягона платформасини ишга тушириш ҳамда «маҳалла еттилиги»ни рақамли тизимлардан фойдаланиш бўйича ўқитишга топшириқ берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, йиғилишда IT хизматларини ривожлантириш учун ҳудудларда юқори тезликдаги интернет кераклиги таъкидланди. Халқаро магистрал йўлларнинг муайян қисмлари мобил интернет билан қамраб олинмагани кўрсатиб ўтилди. Шунинг учун, Рақамли технологиялар вазирлигига 2024 йилда рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун хорижий инвестициялар жалб қилиш топширилди.

Аввалроқ, ҳудудларда IT хизматларини ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратишга 65 миллиард сўм ажратилиши ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: