19:43 | 08.04.24

                       

Рамазон ҳайити билан боғлиқ рақамлар ва фактлар

Мусулмон оламида кенг нишонланадиган, барча мусулмонлар учун хос бўлган байрамлардан бири бу ҳайит (ийд) байрами ҳисобланади. Ушбу байрам рўза ҳайити сифатида кенг нишонланиб, мусулмон (хижрий) календарининг 9-ойига тўғри келади.

Республикамизда «Рамазон ҳайити»нинг биринчи куни оасман дам олиш куни ҳисобланади. Жуда кўп манбаларда, Ўзбекистонда ҳайит байрамлари нишонланиши ҳақида гап борганда, «мустақилликка эришганимиздан сўнг Рамазон ҳайитини нишонлаш бошланган», деган фикр илгари суриб келинади.

Аслида эса ушбу диний байрам ҳали мустақил бўлиб улгурмасимиздан олдин ҳам нишонланганлиги ҳақида кўпчилик билавермайди. Биз бугун ўтган 33 йил давомида ҳайит байрамлари билан боғлиқ ижтимоий сиёсий ўзгаришлар ҳақида сўз юритамиз.

Илк бор, Ўзбекистонда Рамазон ҳайити расман мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритишидан беш ой илгари, яъни 1991 йилнинг 16 апрель, сешанба кунида нишонланган.

«Анъанавий миллий байрам ‘Рўза ҳайити’ тўғрисида» деб бошланувчи ПФ-191-сонли фармон, биринчи президент Ислом Каримов томонидан 1991 йилнинг 11 апрель куни имзоланиб, фуқароларга 1991 йил 16 апрель санасида уларнинг хоҳишига мувофиқ ишга чиқмасликка ва корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда хўжаликларнинг маъмурияти ва касаба уюшмалари комитетлари билан келишилган ҳолда бу иш куни кейинчалик ишлаб берилиши шарти билан дам олиш куни дея эълон қилинган.

Шундан сўнг 1992 йилдан бошлаб, Рамазон ҳайитининг кун(лар)и дам олиш куни сифатида белгиланиб келинмоқда. Юртимизда фақатгина бир маротаба, яъни 2020 йилда «коронавирус пандемияси» авж олганлиги туфайли Рамазон ҳайити оммавий нишонланиши тўхтатилган.

Ўзбекистонда Рамазон ҳайити кунини белгилаш ўзига хос босқичлардан иборат. Мамлакатимиз Мусулмонлар идораси уламолар кенгаши томонидан дунёдаги йирик фатво идоралари ва нуфузли астрономия институтлари томонидан етказилган ахборотлар батафсил кўриб чиқилади ҳамда Туркий давлатлар диний идоралари масъуллари билан кенг муҳокама қилингач, Рамазон ҳайити қайси кунга тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилинади ва бу ҳақда президентга ахборот киритилади.

Мустақил Ўзбекистон тарихида 2018 йилдан инсонпарварлик сиёсатида янги ўзгаришлар бошланиб, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг муборак Рамазон ойларида янада юксак намоён бўлаётганлиги амалий ифода топган. Хусусан, президент Шавкат Мирзиёевнинг «Рамазон ҳайити муносабати билан афв этиш тўғрисида»ги фармони асосида ҳозирги вақтга қадар, умумий ҳисобда 1765 нафар шахсларни афв этилган.

Хотима ўрнида шуни таъкидлашни истардикки, Рамазон ҳайити қалб ва руҳий соғломлик билан бирга жисмоний соғломликни ҳам тантана қиладиган кундир. Сабаби айнан шу байрамга сабаб бўлган рамазон ойида рўза амалларини тўлиқ бажарган аҳолининг даволаниш мақсадида касалхоналарга мурожаатлари сони сезиларли даражада камаяди. Бу ўз-ўзидан халқимизда соғлом турмуш тарзига оид тушунчаларни ривожлантириб, саломатликларини бошқа ойларда ҳам муҳофаза қилиб боришларига ундайди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: