21:19 | 08.03.24
Президент томонидан «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарор имзоланди. 2024 йилда муборак Рамазон ойининг бошланиши 11 март кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.
Шавкат Мирзиёев 8 март куни «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Халқ учун эзгулик, бирдамлик, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:
Мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор берилади.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилган. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М. Камилов зиммасига юкланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: