16:00 | 06.12.23

                       

Репортаж тайёрламоқчи бўлган журналистга қаршилик қилиб, операторни калтаклаган эркакка суд ҳукми ўқилди – видео

Bugun.uz мухбири суд жараёнидан маълумотларни тақдим этди.

Тошкент шаҳар судида бугун, 6 декабр куни Zo‘r TV журналистига қаршилик қилиб, операторни калтаклаган эркакка суд ҳукми ўқилди. Bugun.uz мухбири суд жараёнидан маълумотларни тақдим этди.

Суд қарорига кўра, судланувчи Нодир Эшниёзов Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «а» ва «г» бандлари билан айбли деб топилиб, унга тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, ЖКнинг 72-моддаси қўлланилиб, жазо шартли ҳисобланди ва икки йил синов муддати белгиланди.

Фото: Нодир Эшниёзов

Шунингдек, моддий зарарни қоплаш учун судланувчидан Департамент депозит рақамига ўтказилган 23 миллион сўмдан ортиқ сумма Zo‘r TV канали ҳисобига ўтказиб берилиши белгиланди.

Фото: Сардорбек Йўлдошев

Бундан ташқари, жабрланувчи оператор Сардорбек Йўлдошев соғлиғини йўқотганлиги, ишга чиқа олмагани сабабли маоши камайганлиги, бурни қийшиқлиги ҳамон сақланиб қолгани, уни операция қилиш эса 15 миллион сўмдан ортиққа тенглигини айтиб, суддан 300 миллион сўм маънавий зарарни ундириб берилишини сўради.

Маълумот учун, 2023 йилнинг 12 август куни Тошкент халқаро аэропорти яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта тўсини қулаб тушиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Фото: Нурзодбек Воҳидов

14 август куни Zo‘r TV мухбири Нурзодбек Воҳидов ва оператор Сардорбек Йўлдошевлар воқеа юзасидан лавҳа тайёрлаш учун қулаган тўсинлар ёнига бориб репортажни тасвирга олишмоқчи бўлганида калтакланган эди.

Кейинчалик «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси операторга 67-кўприк қурилиш отряди иш бошқарувчиси Нодир Эшниёзов ҳужум қилганини маълум қилиб,  қилмишини кескин қоралаб, уни ишдан бўшатган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: