16:10 | 22.09.23

                       

Россия бензин ва дизел экспортига чеклов жорий қилди

Бу Ўзбекистондаги ёнилғи нархларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин

Россия ҳукумати ички бозорни барқарорлаштириш мақсадида бензин ва дизел экспортига вақтинчалик чеклов жорий қилди. Бу ҳақда мамлакат Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Bugun.uz

Қайд этилишича, вақтинчалик чекловлар ёнилғи бозорини тўлдиришга ёрдам беради, бу эса ўз навбатида истеъмолчилар учун нархларнинг пасайишига хизмат қилади.

«Россияда автобензин ва дизел ёнилғиси экспортига вақтинчалик чекловлар жорий этилди. Бу ҳақдаги қарорни бош вазир Михаил Мишустин имзолади. Бу қарор ички бозорда ёнилғи нархини барқарорлаштириш учун қабул қилинди», дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, охирги вақтларда Россияда бензин ва дизел ёнилғисининг биржа нархлари рекорд даражада қимматлашган, аммо сўнгги ҳафтада нархларда пасайиш кузатила бошлаган. Россия ҳукумати ёнилғи нархини барқарорлаштиришнинг иккита вариантини кўриб чиқмоқда: бозорни тўлдириш учун маълум муддатга нефт маҳсулотларини экспорт қилишни тўлиқ тақиқлаш, шунингдек, нефт маҳсулотлари экспорти божини бир тонна учун 250 долларгача ошириш.

Россияда ёнилғи нархининг қимматлашиши жаҳон бозорида нефт маҳсулотлари нархининг ошиши ва рубл курсининг долларга нисбатан пасайиши билан изоҳланмоқда.

Россиянинг бензин ва дизел экспортига чеклов ўрнатиши Ўзбекистондаги нархларга таъсир қилиши мумкин. Маълумот учун, Ўзбекистонга 2022 йилда 161,68 миллион литр бензин импорт қилинган бўлиб, шундан 142,7 литри ёки 88 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. 2023 йилнинг дастлабки тўрт ойида эса Ўзбекистонга бензин импорти ҳажми икки бараварга ўсган. Бундан қарийб барчаси (97,7 фоиз) Россиядан импорт қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: