19:50 | 30.11.23

                       

Россия нефтининг Ўзбекистонга транзити уч баравар оширилиши мумкин

Ўзбекистоннинг «Саноат Энергетика Гуруҳи» компанияси 2024 йил учун «КазТрансОйл»га 500 минг тонна Россия нефтини Ўзбекистонга транзит қилиш учун ариза берган, кўрсатгич 1 миллион тоннагача оширилиши мумкин.

«КазТрансОйл» АЖ 2024 йилда Россия нефтининг Ўзбекистонга транзитини уч баравар кўпроққа — 500 минг тоннагача оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Interfax» компаниянинг транспорт департаменти директори Абай Бейсембаевга таяниб хабар берди.

Манбада келтирилишича, Ўзбекистоннинг «Саноат Энергетика Гуруҳи» компанияси 2024 йил учун «КазТрансОйл»га 500 минг тонна Россия нефтини Ўзбекистонга транзит қилиш учун ариза топширган. Бу кўрсаткич 1 миллион тоннагача оширилиши мумкин.

Бундан ташқари, компания маълумотларига кўра, 2023 йилда Россия нефтининг КТО магистрал нефт қувурлари тизими орқали Ўзбекистон Республикасига транзитининг кутилаётган ҳажми 154 минг тоннани ташкил этади”.

«КазТрансОйл» 2023 йилда Ўзбекистонга 250 минг тонна Россия нефтини транзит қилиш режасини эълон қилган, август ойида эса уларни 180 минг тоннагача қисқартирган эди. Шу тариқа, 2023 йил учун Россия нефтини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга қуйиш режаси яна 14 фоизга қисқартирилган.

Эслатиб ўтамиз, Россия нефтини «КазТрансОйл» АЖ магистрал нефт қувурлари тизими орқали Ўзбекистонга қуйиш 2017 йилда бошланган. 2017 йилда транзит ҳажми 67,9 минг тоннани, 2018 йилда 36 минг тоннани ташкил этган. 2019-2022 йилларда Россия нефтининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзити бўлмаган. 2023 йил 1 февралдан бошлаб «КазТрансОйл» Россиядан келиб чиққан нефтни Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит учун ташиш хизмати тарифини ҚҚСсиз 1 тоннаси учун 25,12 доллардан 27,9 долларга оширганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: