16:13 | 01.12.23

                       

Россияда икки ўзбекистонлик ЙТҲга учраб, ҳалок бўлди — видео

Ичида 11 нафар ўзбекистонлик бўлган микроавтобус бошқарувни йўқотиб автобус билан тўқнашув содир этган.

Россиянинг Липецк вилоятида содир бўлган ЙТҲда икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди, яна олти киши жароҳатланган. Бу ҳақда Bugun.uz манбаси хабар берди.

Ҳодиса кеча, 30 ноябр куни Липецк вилоятининг Данков тумани Новониколское қишлоғида содир бўлган. Автоҳалокат Mercedes-Benz микроавтобуси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши сабабли келиб чиққан. Микроавтобус PAZ-Vector автобуси билан тўқнашиб кетган.

Автоҳалокат оқибатида микроавтобуснинг икки йўловчиси, Наманган вилоятининг Чортоқ туманидан бўлган 1988 йилда туғилган Холмирзаев Қосимжон ва 1992 йилда туғилган Турғунбоев Фахриддин ҳалок бўлган. Яна 6 киши реанимацияда экани маълум бўлди. Шунингдек, яна 3 киши амбулатор текширувда.

Микроавтобусда жами 11 киши бўлган ва улар эрталаб ишга кетаётган бўлишган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ўтказилмоқда. Шунингдек, жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Красногвардейский туманидаги қурилиш майдончасида уч нафар ўзбекистонлик ишчи тупроқ босиб қолиши оқибатида вафот этганди.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: