16:23 | 02.10.23

                       

Россияда иш берувчилар мигрантларни уй-жой билан таъминлаши мажбурий бўлиши мумкин

Ушбу қонун лойиҳасини мамлакат парламентига киритиш режалаштирилмоқда.

Россияда келгусида иш берувчилар меҳнат муҳожирларини уй-жой билан таъминлаши мажбурий бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Известия» нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, меҳнат шартномаси муддати давомида иш берувчи компания ишчиларини ётоқхона, уй ёки турар жой билан таъминлаши, шунингдек, уларни яшаш жойи бўйича расман рўйхатдан ўтказиши шарт бўлади. Шу билан бирга, компаниялар уй-жой учун тўловни ўзлари амалга оширади ёки мигрантларнинг ойлик маошидан ушлаб қолишлари мумкин бўлади. Агар мигрантлар ўз турар жойига эга бўлса, иш берувчи томонидан тақдим этилган жойда яшаши шарт бўлмайди.

Янги қоидаларни бузганлик учун иш берувчилар 500 минг рублгача жаримага тортилиши ёки компанияси фаолияти 90 кунгача чекланиши мумкин.

Ушбу ташаббусни илгари сурган Сергей Колуновнинг айтишича, ҳозирда кўплаб меҳнат муҳожирлари яшаш шароитига эга бўлмаган, назорат қилинмайдиган уйларда яшаш учун расман рўйхатдан ўтмаган ҳолатда истиқомат қилмоқда. Бу эса турли тартибсизликларни келтириб чиқаряпти. Бу каби ҳолатларда рўйхатдан ўтмай яшаб, меҳнат фаолиятини олиб бораётган одамлар орасидаги жиноий ҳаракатлар содир бўлса, айбдорларни аниқлаш қийин бўлади.

Қайд этилишича, уй-жой билан таъминлаш меҳнат мигрантлари устидан назоратни кучайтириш ва иш берувчиларнинг масъулиятини оширишга ёрдам беради. Мигрантларни жойлаштиришда бир киши учун камида 6 квадрат/метрли, шифт баландлиги камида 2,5 метрга мос келадиган хоналарни тўрт кишидан кўп бўлмаган ҳолда топшириш режа қилинган.

Ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда баъзи қурилиш компанияларининг харажатлари 15 фоизгача кўтарилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: