22:33 | 05.12.23

                       

Россияда мигрантлар иштирокида оммавий жанжал юз берди – видео

Bugun.uz'даги маълумотларга кўра, улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бўлган.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Приморск туманидаги «Лахта Центр» савдо мажмуаси яқинида Марказий Осиёдан борган меҳнат муҳожирлари иштирокида оммавий тартибсизлик келиб чиқди.

Bugun.uz’даги мавжуд маълумотларга кўра, улар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бўлиб, муштлашув пайтида битта эркак ерга йиқилиб, ҳушини йўқотган.

Шундан сўнг, уни йиқилиб ётган жойида ҳам бир неча марта уриб, чўнтагидаги нарсаларни ўғирлашган. Эркак ҳушини йўқотганидан сўнг, жанжаллашаётган томонлар тарқалган. Жабрланувчи эса шифохонага ётқизилган. Дастлабки маълумотларга кўра, жанжал кўтарганлар 20 нафар бўлиб, полиция эса жами 13 кишини ҳибсга олган.

Ҳодиса 2023 йилнинг 4 декабр куни соат 19:00 атрофида содир бўлиб, унда асосан ўзбек, тожик ва кавказликлар(чечен ва доғистонликлар) қатнашган.

«Одамлар бир-бирини нима учун ураётганини билмасди. Бирлари таниши калтакланаётганини кўриб, уни ҳимоя қилиш учун борса, бошқалар шунчаки жанжаллашиш ёққани учун муштлашувга қўшилган. Бу жойда 4-5 минглаб одам ишлагани учун бу каби муштлашувлар кўп содир бўлади» дейди воқеа гувоҳларидан бири Bugun.uz мухбирига.

Жанжалга нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас. Aммо муштлашув «мигрантлардан қайсидирлари бир-бирини туртиб юборгани» сабабли чиққани тахмин қилинмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: