21:04 | 22.01.24

                       

Россияда мигрантларнинг полиция томонидан чўккалаб юришга мажбурлангани ҳақида видеолар тарқалди — видео

Омбудсман Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмак сўради.

Россияда ишлаб келаётган мигрантларнинг полиция томонидан ўтириб юришга мажбурлангани акс этган видеоёзувлар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Россиядаги Telegram каналлари ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари мамлакат миграция қонунчилигига амал қилиниши бўйича рейд ўтказганини маълум қилган. Ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Омбудсман мурожаат юборди.

Келтирилишича, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) 2023 йилда Россияга ташрифи давомида ўша ерда яшайдиган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашиб, уларнинг яшаш шароитлари ва муаммоларини ўрганган.

«Ҳамюртларимиз фикрлари асосида Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорлик йўлга қўйилиб, мурожаатларни биргаликда кўриб чиқиш, жумладан Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ишланади», — дейилган Омбудсман хабарида.

Омбудсман юқоридаги телеграм каналида эълон қилинган ҳолат бўйича ҳам Россия Федерацияси Омбудсманига мурожаат қилиб, Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат ҳуқуқлари таъминланишида кўмак сўради.

Маълумот учун, бундан аввал ҳам Омбудсман Ф.Эшматованинг мурожаатига асосан Краснодарда мигрантларга нисбатан ўтказилган рейдлар бўйича ўрганишлар олиб борилиб, маълумот тақдим этилган. Ўшанда Россия Омбудсмани мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинглар ўтказаётганини ва ҳолат назоратга олинганини маълум қилган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: