22:02 | 11.01.24

                       

Россияда содир бўлган ЙТҲда етти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Мирзиёев вафот этган ва жабрланган фуқароларни Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида олиб келишга топшириқ берди.

Бугун, 11 январ куни Россиянинг Пенза вилояти Нижнеломов раёнида содир бўлган йўл транспорт ҳодисасида етти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди.

Маълум қилинишича, М-5 автомобил йўлининг 503 километрида ҳаракатланган JAC русумли «Минивен» автомобили ва «Волво» русумли юк автомобили тўқнашиши оқибатида «Минивен» ичида бўлган жами тўққиз нафар Ўзбекистон фуқароларидан етти нафари воқеа жойида ҳалок бўлган. Шунингдек, икки нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган ва тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, Президент Мирзиёевнинг топшириғига асосан, ФВВ, ИИВ, ССВ, Транспорт вазирлиги, ТИВ ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида вафот этган ва жабрланган фуқароларни Ўзбекистонга олиб келиш юзасидан керакли барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Россия Федерацияси масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришмоқда», — дейилган хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: