21:22 | 04.06.24

                       

Россияга экспорт қилинган ўрик қуртлагани айтилди

Россияга экспорт қилинган ўрикда қурт аниқланганлиги юзасидан тезкор текширув ўтказилди. 5 ой ичида мамлакатга 10 минг тоннага яқин ўрик жўнатилган.

Ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясига экспорт қилинган ўрик маҳсулоти қуртлаганлиги сабабли қайтарилгани ҳақида хабарлар эълон қилинди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Хабарга кўра, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати (Росселхознадзор) мутасаддилари билан музокаралар олиб борилган.

Маълум бўлишича, маҳсулот Фарғона вилоятининг Қува туманидаги боғда етиштирилган. 924 килограммлик ўрик 6+ калибрда бўлиб, май ойининг охирги саналарида юкланган. Юк тегишли тартибда Марказий фитосанитария лабораториясида экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулоса берилган.

Оренбург вилоятида юз берган ҳолат юзасидан агентликка нотификация (эътирознома) жўнатилмаган.

«Шу ўринда, Россия Федерациясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ортганини маълум қиламиз. Жорий йилнинг январ-май ойлари давомида қиймати 146 миллиондан доллардан ортиқ 223 минг тона қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилинган. Шундан 10 минг тоннага яқини ўрик маҳсулоти», дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: