21:25 | 15.02.24

                       

Россиялик борт кузатувчилар Air Samarkand фаолиятидан шикоят қилмоқда

Ўзбекистондаги янги авиакомпаниялардан бири — Air Samarkand хорижлик ишчиларига маош тўлай олмаётгани айтилмоқда. Bugun.uz мухбирининг аниқлашича, 2023 йил августдан бери компания ходимларнинг турар-жойи учун тўловни ҳам тўлай олмаяпти.

Россиялик борт кузатувчилар Ўзбекистондаги янги авиаомпания — Air Samarkand фаолиятидан шикоят қилмоқда. Бу ҳақда Bugun.uz мухбири хабар берди.

2022 йилда йирик санкциялар пакети туфайли Россиядаги авиация соҳаси ходимлари ёппасига ишдан бўшатилди. Йилнинг охирига келиб Air Samarkand компанияси россиялик мутахассисларни ишга жалб қилди.

Дастлаб, ходимларга юқори маош, мамлакатдаги турар-жой нархни тўлиқ қоплаш ва турли давлатларга кўплаб парвозлар амалга оширилиши ваъда қилинди. Аммо Bugun.uz нашрига келиб тушган маълумотларга кўра, компания фаолиятида бир қанча узилишлар юзага келган.

Таъкидланишича, россиялик борт кузатувчилари Тошкентдаги меҳмонхонага жойлашгач, уларга 1,5 минг доллар берилиши айтилган, лекин бу пулларни ҳеч ким олмаган. Шундан сўнг улар авиакомпания жойлашган Самарқанд шаҳрига олиб кетилган. Бу пайтда авиакомпанияда тижорий рейслар бўлмагани сабабли ходимлар ишсиз қолгани айтилмоқда.

2023 йилнинг ёзида иш ҳақининг кечикиши тизимли тус олди ва август ойига келиб компания ходимларнинг турар-жойи учун ҳам ҳақ тўлай олмади. Ходимларнинг сўзларига кўра, Air Samarkand асосан Туркия ва Ҳиндистонга қурилиш соҳасида ишловчи меҳнат мигрантларини ташиган.

ВКонтактеъдаги «Обычный бортпроводник» саҳифасининг ёзишича, фуқаролик авиацияси билан боғлиқ илк рейс Самарқанддан Истанбулга амалга оширилган, бу рейслар ҳам атиги бир ҳафта давом этган. 2024 йил январь ойидан бери бирорта ҳам рейс амалга оширилмаган, борт кузатувчиларга бир ойдан ортиқ вақт давомида маош тўланмаган. Шу билан бирга, авиакомпания уларга шаҳарни тарк этишни тақиқлагани айтилмоқда.

Air Samarkand сайтида компания 2023 йил декабрь ойидан халқаро парвозларни амалга оширишни бошлагани ёзилган. Авиакомпания омпаниялар ва сайёҳлик агентликлари буюртмалари бўйича чартер рейсларни амалга оширади. Шунингдек, 2024 йил апрель ойидан бошлаб компания Халқаро йўналишлар тармоғида мунтазам рейсларни амалга оширишни бошлаши белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: