10:30 | 21.10.23

                       

Россиялик депутат Ўзбекистонни фуқароларини Россиядан олиб кетишга чақирди

Алишер Қодиров унга жавоб қайтарди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев Россия ҳукуматидан ушбу мамлакатдаги ўзбек диаспораси вакилларининг маблағи ҳисобидан ўзбекистонлик мигрантларнинг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаб очишда ёрдам сўради. Бунга жавобан, россиялик депутат Михаил Делягин Ўзбекистон ўз фуқароларини Россиядан олиб чиқиб кетиши кераклигини айтди. Унинг фикрига эса Миллий тикланиш демократик партияси раиси Алишер Қодиров кескин тарзда муносабат билдирди.

Дастлаб Президент маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда Ўзбекистондан бориб, Россияда меҳнат қилаётган, қарамоғида фарзанди бўлган ишчилар уларни мактаб ва боғчага қамраб олишда қийинчиликларга дуч келаётгани сабаб Россия ҳукуматидан ўзбек диаспораси вакиллари ҳисобидан ушбу мамлакатда меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаблар қуриш бўйича ёрдам сўраган.

«Сиздан Россия қонунчилигига мос келадиган ўқув дастурлари бўйича [ўзбек] ватандошлар ҳисобидан мактабгача таълим муассасалари ва хусусий мактаблар очиш масаласини кўриб чиқишингизни сўраймиз», – дейди у.

Унинг бу таклифига муносабат билдирган россиялик депутат Михаил Делягин ўзбек диаспораси вакиллари учун алоҳида мактаб очилиши маҳаллий аҳолини камситиши ва бу мамлакат қонунларига зидлигини айтган.

«Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Россия конституцияси ҳақида ҳеч нарса эшитмаган бўлса керак. Бу қонунда одамларни миллатига кўра камситиш тақиқланган. Фақат мигрант болалар учун мактаблар очиш Россия Федерацияси фуқароларига нисбатан камситиш эканлиги аниқ. Тахминан худди тожик диаспорасидан бўлган жаноблар тожик тиббиёт марказларини очиш ҳақида гапирганда, фақат тожикларга хизмат кўрсатишни назарда тутганлари билан бир хил», – дея таъкидлайди депутат.

Делягин бу ҳаракатни ҳатто «Россияни йўқ қилиш ва душман анклавларини яратишга қаратилган сиёсат», деб атаган. У, шунингдек, Ўзбекистонни фуқароларини Россиядан олиб кетишга ҳам чақирган.

«Бу Россияни ҳалокатга учратиш ва йўқ қилишга, аввал бегона, кейин эса душман анклавларни яратишга қаратилган атайлаб олиб борилган сиёсатдир. Менимча, Ўзбекистон, албатта, болалар боғчалари ва мактабларни қуриши керак, лекин фақат ўз ҳудудида. Ва аслида Россияга сиқиб чиқарган фуқароларини ортга қайтариши зарур. Чунки, айтайлик, Тожикистонда, аҳолининг учдан биридан кўпроғи Россияда яшайди. Бу ҳолат Тожикистон учун ҳам, Россия учун ҳам мутлақо нормал эмас», дейди Делягин.

Россиялик депутатнинг юқоридаги гапларига нисбатан Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Миллий тикланиш демократик партияси раиси Алишер Қодиров жавоб қайтарди, Қодиров ўзининг Telegram-каналида Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат Делягин айтганидек бўлса, Ўзбекистонда ҳам рус тилига муносабат шунга мутаносиб бўлиши кераклигини ёзди.

«Россия мактабларида ўзбек тилини ўргатиш рус миллатини камситиш ҳисобланади-ю, Ўзбекистон мактабларида рус тилида таълим берилаётгани ўзбекларни камситиш ҳисобланмайдими?», дейди у.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: