16:50 | 09.04.22

                       

Россиялик олигархлар қайси давлатга кетаётгани маълум бўлди

Аввалроқ миллиардерлар яхталарини Мальдив оролларида сақлаётгани аниқланган

Россиялик олигархлар ўзларининг ҳашаматли яхталари ва шахсий самолётлари орқали Дубайга кетаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Forbes» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Миллиардерлар пляж, виза дастури ва Украинадаги урушга бетарафлиги билан ажралиб турган Дубайдан ҳашаматли кўчмас мулк қидираётгани аниқланган. Россия миллиардерлари вакилларига уй-жой кўрсатган бир қанча Дубайдаги кўчмас мулк фирмалари бу бўйича маълумот берган.

«Бизга россиялик олигархлардан кўплаб сўровлар келиб тушмоқда. Улар катта сармояларни изламоқда, чунки активларини Европа давлатларида сақлаб қолишдан қўрқмоқда», — дейди «Vartur Real Estate» кўчмас мулк фирмаси вакили Шариф Нади Варли.

«Олигархлар нафақат Дубайда мулк сотиб олишни, балки давлатда тўлиқ истиқомат қилишни ҳам хоҳламоқда», — дейди исмини сир сақлашни хоҳлаган яна бир вакил.

Россиялик олигархлар турар жой сотиб олишда таниқли компанияларга мурожаат қилмоқда. Вашингтонда жойлашган Мудофаа илғор тадқиқотлари нотижорат маркази томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, камида уч нафар россиялик миллиардер аллақачон Амирлик шаҳрида мулкка эга.

Ўғитлар ишлаб чиқарувчи магнат Дмитрий Рыболовлев Пальма Жумейра оролида 29,5 миллион долларлик мулкка эга. Унинг қўшнилари қаторига 19 миллион долларлик иккита мулкка эга бўлган Альберт Авдолян ва унинг рафиқаси Елена кирган. Андрей Молчанов (У 2022 йилда ‘Forbes’нинг дунё миллиардерлари рўйхатидан чиқиб кетган) ҳам 26,5 миллион долларлик уй эгаси ҳисобланади. Telegram асосчиси — 37 ёшли Павел Дуров ҳам шу ерда яшайди.

Дубайдан уй олмоқчи бўлган рус миллиардерлари қиммат бозордан харид қилмоқда. Хусусан, «Vartur Real Estate» фирмаси таклиф этаётган энг қиммат мулк, шунингдек, Пальма Жумейрадаги сўров нархи 68 миллион долларни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ санкциялар остида қолган россиялик миллиардерлар яхталарини Мальдив оролларида сақлаётганди. Шунингдек, Европа Иттифоқи россияликларнинг санкцияланган мулкидан қай мақсадда фойдаланиши маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: