11:50 | 07.12.23

                       

ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб туриш бўйича солиқ органларининг ваколатлари чекланмоқда

Гувоҳноманинг амал қилиши олдин солиқ қарзи мавжуд бўлганда, солиқ хавфининг юқори даражасига эга солиқ тўловчилар гуруҳига мансуб бўлганда ҳамда 3 ойдан ортиқ вақт давомида молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганда тўхтатиб турилар эди.

2023 йилнинг 5 декабр куни «Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги 595-сонли қарори билан тасдиқланган қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, солиқ органи ҚҚС гувоҳномасини фақатгина амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мос келмагандагина 30 кун муддатда тўхтатиб туриши мумкин. Ушбу муддатда камерал ҳамда сайёр солиқ текширувлари натижасига кўра, ушбу ҳолатлар ўз тасдиғини топмаганда, гувоҳноманинг амал қилиши қайта тикланади.

Олдин солиқ органлари гувоҳноманинг амал қилишини қуйидаги ҳолатларда тўхтатиб туриш ваколатига эга бўлган:

  • солиқ қарзи мавжуд бўлганда;
  • солиқ хавфининг юқори даражасига эга солиқ тўловчилар гуруҳига мансуб бўлганда;
  • ҳамда 3 ойдан ортиқ вақт давомида молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганда.

Маълумот учун, ҚҚС гувоҳномаси — ҚҚС тўловчисига солиқ органи томонидан бериладиган махсус рўйхатдан ўтказилганлиги ва солиқ қонунчилиги ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ҚҚС ҳисобга олиш ҳуқуқини тасдиқловчи электрон шаклдаги ҳужжатдир.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: