12:19 | 01.01.24

                       

Садир Жапаров Янги йил табригида Ўзбекистон билан ҳамкорликдаги режалар ҳақида гапирди

Чанғи устида кўриниш берган Қирғизистон Президенти «Қамбар-Ота-1» ГЭСини «аср қурилиши» деб атади.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров қирғиз халқини Янги йил билан табриклади. У Орловкадаги тоғ-чанғи курортида қияликдан чанғида учиб пастга тушган ҳолда ноодатий тарзда Янги йил табрикномасини йўллаган, деб хабар бермоқда «24.kg»

Жапаров ўз нутқида янги – 2024 йилда Қирғизистон тараққиётига хизмат қиладиган жиддий режа ва вазифалар белгиланганини билдирган.

«Ўзингиз ҳам эътибор берган бўлсангиз керак, Халқ Қурултойида ичимлик суви ва суғориш суви билан боғлиқ масалалар қайта-қайта кўтарилди. Шу боис келгуси йилда ирригация иншоотларини таъмирлаш, қишлоқлар учун ичимлик суви тармоғини барпо этишга эътибор қаратамиз», дейди давлат раҳбари.

Шунингдек, Қирғизистон етакчиси гидроэлектр станциялар қувватини ошириш, модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва муқобил энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида катта ишлар амалга оширилишии қайд этди.

«Янги йилда аср лойиҳаси деб аталувчи «Қамбар-Ота-1» гидроэлектр станцияси қурилишини қайтадан бошлаймиз. Бунга қўшни давлатлар – Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам қўшилишидан хабарингиз бор. CASA-1000 халқаро лойиҳаси доирасида «Қамбар-Ота-1» ГЭС қурилиши билан Қирғизистоннинг иқтисодий фойдаси ошади, десак хато бўлмайди«, дейди Жапаров.

Шу билан бирга, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича ҳукуматлараро келишув масалаларини кўриб чиқилишини маълум қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: