15:00 | 14.12.23
Bugun.uz Тошкентдаги жиноят олами вакилларининг кирдикорларини эълон қилишда давом этади.
Ўзбекистон жиноий оламининг кўзга кўринган вакилларидан бири Саидазиз «Медгородок» бирданига 5 та жиноий иш бўйича айбланмоқда. Унинг бошқарувида бўлган жиноий гуруҳга қарши эса жами 10 та жиноий иш очилган.
Bugun.uz маълумотларига кўра, айни пайтда терговдаги жиноят ишларининг аксарияти тахминан бир хил: Саидазиз қарз ундириш бўйича топшириқ олади, кейин қарздорларни аниқлаб, уларни кучли босим остига олиб, пулини шилади. Саидалиев шу йўл билан юз минглаб доллар «ишлайди».
Саидазизнинг узоқ вақтдан бери шахсий ҳисобчиси бўлиб ишлаб келган ва ноқонуний «пулларини» сақлаш учун жавобгар экани айтилаётган Тўлагановнинг уйи тинтув қилинганда, нақд 111 700 АҚШ доллари топилган. Пуллар пойтахт ИИББ ҳисоб рақамига ўтказилиб, жиноий гуруҳ қилмишларидан жабрланганларга етказилган зарарни қоплашга йўналтирилади.
«Спортчи» йигитлар фирибгарлик билан ҳам мунтазам равишда шуғулланиб борган. Масалан, бир адвокатга фирма директорини ҳибсдан озод қилишга ёрдам бериш учун 30 минг доллар олишган. Албатта, «Медгородок»нинг йигитлари ва терговчилар ўртасида бирор бир ҳамкорлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бошқа бир ҳолатда эса юридик ёрдам кўрсатиш учун тадбиркорнинг иккита машинасини сотишга мажбур қилиб, «харажат учун» 22 минг доллар беришга кўндиришган.
Ўзбекистоннинг йирик тадбиркоридан 340 минг доллар ундириш ортидан жиноий гуруҳ йирик «жекпот»га эришган. Саидазиз бу ишда шахсан ўзи иштирок этиб, бизнесмен юқоридаги пулни бермаса, ўзи ва оиласини ўлдириш билан таҳдид қилгани маълум.
Махсус хизматларнинг ушбу операцияга тизимли тайёргарлик кўргани боис жиноий иш билан боғлиқ ҳар бир эпизод бўйича аниқ айбловлар бор, иш билан боғлиқ кўплаб маълумотлар йиғилган.
Мавзуга оид:
Бахти «Ташкентский» ҳамда Саидазиз «Медгородок» ўртасида низо келиб чиққани ошкор бўлди
Саидазиз «Медгородок» ва унинг жиноий гуруҳи аъзолари нима сабабдан ҳибсга олинди?
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: