15:55 | 13.12.23

                       

Бахти «Ташкентский» ҳамда Саидазиз «Медгородок» ўртасида низо келиб чиққани ошкор бўлди

Bugun.uz Ўзбекистонда мафияга қарши махсус операция бошланиши сабаблари ҳамда икки мафия ўртасидаги келишмовчилик ҳақида тафсилотларни аниқлади.

Bugun.uz маълумотларига кўра, Саидазиз «Медгородок» Салимбойвачча томонидан Тошкентга «смотрящий» этиб тайинланган. Шундан сўнг, Саидазиз бизнесини «ҳимоя қилиш» ва қарзларни ундириш тизимини яратишга киришган. Бу эса ўз навбатида Бахти «Ташкентский»нинг кескин норозилигига сабаб бўлиб, жиноий оламнинг икки гуруҳи ўртасида келишмовчиликларнинг ортиб боришига сабаб бўлади. Уларнинг ўртасида тинимсиз тўқнашувлар бошланади ва иш икки клан Тошкентни ҳудудларга бўлиб олишигача боради.

Жиноятчилар пойтахтда «кўча» тартиб-қоидаларини киритишни бошлайди. Бундан эса биринчи навбатда йирик ва ўрта бизнес вакиллари, тадбиркорлар азият чекишади. ДХХ ҳамда ИИВ раҳбарлари бир қатор ёпиқ йиғилишларда шу ҳолатга чек қўйишга келишиб олади.

Humo arenaʼда ўтказилган Jah Khalib концертига билетсиз киришга уриниб, тўполон келтириб чиқарганлар орасида икки жиноий гуруҳнинг аъзолари бўлгани учун ўртада уруш бошланган. Тартибсизликлар пайтида жароҳатланганлар сони кўплиги тўғрисидаги маълумот ҳақиқат, фақат яраланганларнинг катта қисми жиноий олам вакиллари, улар тўполон пайтида бир-бирини пичоқлаб, воқеа жойидан яширинган.

Айнан шу куни юз берган воқеалар махсус хизматларнинг мафияга қарши операцияни бошлашига сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Қудратуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Шунингдек, унга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинаётгани хабар қилинганди.

Тошкентда «Саидазиз Медгородок» лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев атрофига «спортсменларни» йиғиб, қарздорлик билан муаммолари бўлганларни ишини ҳал қилиб бериш «хизматлари», таҳдидлар билан бошқаларнинг пулларини қўлга киритиш, безорилик ва тамагирликда айбланаётгани ҳақида расмий ахборот берилганди. Унга Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: