20:21 | 23.03.24

                       

«Салимбой» 6 йилга қамалгани ҳақидаги хабар тасдиқланди

«Салимбой» 6 йилга қамалгани ҳақидаги хабар тасдиқланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланган.

Салим Абдувалиевга суд ҳукми билан 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани расман ўз тасдиғи топди. Тошкент шаҳар суди бу ҳақда хабар берди.

Хабарга кўра, 2024 йил 19 март куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Салим Абдувалиевга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган.

«Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ С.Абдувалиев Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли жиноий жавобгарликдан озод этилиб, жиноят ишининг шу қисми Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси (айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар) 1-қисми 1-бандига асосан тугатилди.

С.Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди», дейилади хабарда.

Шунингдек, тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланган.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: