22:46 | 12.10.23

                       

Самарқанд шаҳрида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилотининг xалқаро таълим форуми ўтказилади

Форумга туризм соҳасидаги етакчи таълим ташкилотлари ва 30 та мамлакатдан халқаро ташкилотлар вакиллари келиши кутилмоқда.

Шу йилнинг 19 октябр куни Самарқанд шаҳрида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилотининг 25-Бош Ассамблеяси доирасида Global Forum on Education: The Foundation of Building Tourism xалқаро таълим форуми ўтказилади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Туризм қўмитаси

Унга кўра, ушбу форум давомида бир нечта тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Дунёнинг 10 та мамлакатидан таълим ва туризм соҳаси раҳбарлари иштирок этадиган Вазирлар ялпи сессияси шулар жумласидандир. Ушбу сессия давомидаги мунозараларда раҳбарлар ҳозирги ва келажак авлодлар учун таълим соҳасида инновацияларни жорий этиш масалаларини батафсил кўриб чиқишади. Сессияга эса IE Университетининг иқтисодий масалалар бўйича вице-президенти, Тадбиркорлик ва инновациялар маркази раиси Жаноб Хуан Хосе Гуемес модераторлик қилиши айтилган.

Бундан ташқари, таълим соҳасидаги етакчи экспертларнинг «Таълим соҳасидаги UNWTO фаолияти» , «Эртанги куннинг инвестициялари: чексиз келажак учун трансформация, технология, инновация ва таълим» мавзуларидаги маъруза ва тақдимотлари бўлиб ўтади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон, АҚШ, Швейцария, Сингапур, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Испания, Грециядан 7 нафар спикер, шу жумладан, туризм соҳасида Ўзбекистон ёшлар етакчилари иштирок этадиган ялпи мажлис ҳам ўтказилиши белгиланган. Мажлисда ўрта мактабдан олий ва ижро этувчи таълимгача бўлган турли босқичларда талабаларнинг турли эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда яхлит ёндашув тақдим этилади ва бу туризм саноатининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Форумдаги яна бир диққатга сазовор тадбир Ўзбекистондаги UNWTO Туризм академиясининг тақдимотига бағишланади.

Шунингдек, ушбу форум жараёнида туризм ва таълим соҳасидаги улкан ютуқлар ва ташаббуслар учун Ulysses Awards UNWTO мукофоти тақдимотининг тантанали маросими ҳам режалаштирилган.

Маълумот учун, тадбир давомида туризм соҳасида миллий ва хорижий таълим муассасалари ўртасида меморандумлар имзолаш маросими ўтказилади ва ушбу соҳадаги етакчи олимлар ва мутахассислар ўз маърузалари билан иштирок этишади. Форумга туризм соҳасидаги етакчи таълим ташкилотлари, шунингдек, 30 мамлакатдан етакчи халқаро ташкилотлар вакиллари келиши кутилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: