15:24 | 12.11.23

                       

Самарқандда БМТнинг чўлланиш, ер деградацияси ва қурғоқчилик бўйича конвенциясининг йиғилиши бўлиб ўтади

Тадбирда 196 мамлакатдан 500 га яқин вакил қатнашади.

Самарқанд шаҳрида 13-17 ноябр кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг чўлланиш, ер деградацияси ва қурғоқчилик бўйича конвенциясининг йиғилиши (CRIC-21) бўлиб ўтади. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, унда 196 мамлакатдан 500 га яқин фуқаролик ва илмий доиралар вакиллари иштирок этади.


Ушбу йиғилиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ташкил этилганидан бери энг муҳим йиғилишлардан бири бўлиб Марказий Осиёда илк бора ўтказилмоқда.

Йиғилиш Silk Road Samarkand конгресс марказида бўлиб ўтади. Томонлар 2018-2030 йилларга мўлжалланган БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясини амалга ошириш дастурига мувофиқ ер деградациясининг олдини олиш ва тўхтатиш бўйича глобал мақсадларга эришиш юзасидан эришилган натижаларни кўриб чиқиш ва тавсиялар бериш имкониятига эга бўлади.

Маълумот учун, айни пайтда дунё бўйлаб ҳар йили 100 миллион гектарга яқин соғлом ва унумдор ерлар йўқолмоқда. Агар ҳозирги тенденциялар давом этса, 2030 йилгача бутун дунё бўйлаб ер деградациясининг нейтраллигига эришиш учун 1,5 миллиард гектар ерни тиклаш керак бўлади.

Бу бўйича БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижрочи котиби Ибраҳим Тиав шундай дейди:

«Бутун дунёда кузатилган қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари ва жазирама тўлқинлар, чуқурлашиб бораётган ва ўзаро боғлиқ бўлган иқлим ва табиат инқирозининг аломатларидир ва ерларимиз ушбу инқирознинг марказида турибди. 2015 йилдан буён 4 миллион квадрат километрга яқин соғлом ва унумдор ер йўқолди, бу тахминан Марказий Осиё майдонига тенг дегани. Биз 2030 йилга бориб ерларни янада таназзулга учрашини тўхтатишимиз ва камида 1 миллиард гектар майдонни қайта тиклашимиз керак».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон экология вазири Азиз Абдуҳакимов БМТ Бош котиби ёрдамчиси, ташкилотнинг ўрмонлар ва кўкаламзорлаштириш бўйича форуми котибияти директори Жулиетте Биао билан «Дендропарк»да дарахт экканди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: