23:20 | 17.11.23

                       

Самарқандда гендер тенглик мавзусига бағишланган ялпи мажлис ўтказилди

Экология вазирлиги гендер тенглик экологик муаммоларни ҳал қилишда муҳимлигини эслатган.

Экология вазирлиги берган хабарга кўра, БМТ Конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида гендер тенглик мавзусига бағишланган ялпи мажлис бўлиб ўтган. Унда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашда хотин-қизларнинг ўрни, ер ресурсларидан фойдаланишда гендер тенгликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

«Статистикага қарайдиган бўлсак, бугунги кунда ер юзида оғир меҳнат билан шуғулланаётганларнинг кўп қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Гендер тенглик қурғоқчилик, очарчилик ва ерларнинг деградациясига қарши курашда барқарор, прогрессив ва мазмунли ҳаракатларни амалга ошириш учун жуда муҳимдир. Мақсадимиз аёлларнинг айнан ер юзидаги соғлом ҳаётни сақлаб қолиш борасидаги ваколатларини кенгайтиришдир»,- деган БМТнинг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижрочи котиби Ксения Скленлон.

Тадбир давомида гендер тенгсизлик аёлларнинг ресурслардан фойдаланишларига, бу борадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашларига тўсқинлик қилиши алоҳида таъкидланган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, дунё бўйича ерга тенг эгалик ҳуқуқи йўқлиги, ресурслар, ахборот, технологиялар ва молиявий хизматлардан фойдаланиш ҳамда қарорлар қабул қилишда аёллар маълум тўсиқларга дуч келаётгани, шунинг учун ҳам чанг ва қум бўронларига қарши курашиш ва ер деградациясини тўхтатиш учун гендерга мос ва гендерни ўзгартирувчи чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

«Чўлланишнинг олдини олишда сувни тежаш жуда муҳим ҳисобланади. Сувни эса, асосан, аёллар тежайди. Қолаверса, экологик муаммоларни бартараф этиш учун ечим излаётган олимлар орасида хотин-қизларнинг сони ортиб бормоқда. Бугун аёллар илмий изланишлар ўтказиб, қурғоқчилик, очарчилик, ерларнинг деградацияга учраши каби муаммоларга қарши ўринли ечимлар таклиф қилишмоқда»,- деган Экология вазирлиги ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялар илмий-тадқиқот институти биологик хилма-хилликни сақлаш лабораторияси бошлиғи Адолат Ўринова.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: