21:16 | 30.12.23

                       

Самарқандда сохта «банк оператори» иккита аёл номига 54 млн сўмлик онлайн кредит расмийлаштирди

Сохта ҳавола юбориш орқали шахсий маълумотларга эга бўлган «оператор» ушланган.

Самарқанд вилоятида икки нафар аёл киши ички ишлар органларига мурожаат қилиб, уларнинг номига номаълум сабабларга кўра онлайн кредит расмийлаштирилганини маълум қилган. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида яшовчи муқаддам судланган, 28 ёшли А.Ш. содир этгани аниқланган. У икки нафар аёл — У.О. ҳамда Б.Х.ларга қўнғироқ қилиб, ўзини банк оператори сифатида таништирган. СМС хабарнома (сохта ҳавола) юбориш орқали аёлларнинг шахсий маълумотларига эга бўлган A.Ш. уларнинг номига онлайн равишда 27 миллион сўмдан жами 54 миллион сўм миқдорида онлайн кредит расмийлаштириб, ўша вақтнинг ўзида пулларни ўзининг банк пластик картасига ўтказиб олган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Ш.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг ушбу моддаси бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун, унга беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: