12:52 | 06.11.23

                       

Самарқандда ўзганинг номига қарийб 16 млн сўм онлайн кредит расмийлаштирган шахс ушланди

Унга нисбатан беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар беришича, ўзини оператор деб таништириб, ўзгалар номига онлайн кредит расмийлаштириб келган шахс қўлга олинган.

Фото: Bugun.uz

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи аёл ИИОга мурожаат қилиб, ўзининг номига номаълум сабабларга кўра, 15,7 миллион сўм онлайн кредит расмийлаштирилганини хабар қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 32 ёшли О.У. содир этгани аниқланган.

Хабарга кўра, О.У. жабрланувчига қўнғироқ қилган ва ўзини банк оператори сифатида таништириб, «СМС» хабарнома юбориш орқали бошқарув ҳуқуқини қўлга киритган ва 15,7 миллион сўм миқдоридаги онлайн кредитни расмийлаштириб, ўша вақтнинг ўзида мазкур пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк пластик картасига ўтказиб олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисм билан жиноят иши қўзғатилиб, О.У.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, қонунга кура, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Аввалроқ, Марказий банк фуқароларни карта транзакциялари билан боғлиқ фирибгарликлардан огоҳлантирганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: