10:53 | 13.02.24

                       

Самарқанд глобал экологик мулоқот марказига айланмоқда

Самарқандда бўлиб ўтаётган COP14 халқаро конференцияси доирасида экология вазири БМТ Бош котиби ўринбосари ва ташкилотнинг Атроф-муҳит дастури ижрочи директори билан учрашди.

Bugun.uz мухбири берган маълумотга кўра, Самарқандда бўлиб ўтаётган COP14 халқаро конференцияси доирасида Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов БМТ Бош котиби ўринбосари ва ташкилотнинг Атроф-муҳит дастури (UNEP) ижрочи директори Ингер Андерсен билан учрашди.

Фото: Экология вазирлиги

Азиз Абдуҳакимов юқори мартабали меҳмонга Самарқандга ташрифи ва CMS COP14 да иштирок этаётганлиги учун миннатдорлик билдирган. Шунингдек, Самарқанд глобал экологик мулоқотлар марказига айлангани, ўтган йилнинг кузида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция (ICFS, FAO), сўнг CRIC21 сессияси (UNCCD)га мезбонлик қилганини таъкидлаган. Апрель ойида эса айнан Самарқандда халқаро иқлим форуми ўтказилишини айтиб, UNEP вакилларини тадбирга таклиф қилган.

Фото: Экология вазирлиги

Қолаверса, вазир COP14 халқаро конференцияси катта аҳамиятга эга эканлигини қайд этган.

«Ушбу тадбир 130 мамлакатдан 1800 дан ортиқ иштирокчиларни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича конвенцияларни ва бутун дунё бўйлаб етакчи мутахассисларни бирлаштирди. Конференция шиори ‘Табиат чегара билмайди’, чунки ростдан ҳам кўчиб юрувчи ҳайвонлар учун ҳеч қандай чегара бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам трансчегаравий ҳамкорликни кучайтириш ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш тарафдоримиз. Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлигини ривожлантириш устувор вазифамиздир, чунки экологик мувозанат, экотизим ва миграция турлари минтақавий ва глобал ҳамкорликни талаб қилади», — деди у.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев томонидан экологияни асраш борасида қилинаётган ишлар, хусусан, «Яшил макон» лойиҳаси, Орол денгизи тубида кенг кўламли ўрмонзорлар барпо қилинаётгани алоҳида эътироф этилган. Шу билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш механизмларини янада қаттиқроқ қўллаш, муқобил энергия манбаларига ўтиш ва экологик таълимни кучайтириш муҳим эканлиги таъкидланган.

Фото: Экология вазирлиги

Вазир 2024–2032 йилларга мўлжалланган кўчиб юрувчи турлар бўйича CMS стратегик режасининг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаган. Учрашув якунида UNEP билан ҳаво сифати мониторинги, экологик стандартларни такомиллаштириш, чўлланиш ва ер деградациясига қарши кураш, пластик ифлосланиш ва оғир пестицидларни бошқариш, экологик таълим ва хабардорликни ошириш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш муҳим эканлиги қайд этилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: