15:55 | 17.01.24

                       

Самарқандда чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташланишининг олдини олиш мақсадида онлайн кузатув камералари ўрнатилмоқда

Бутун вилоят бўйича жами 100 та камера ўрнатиш режалаштирилган.

Экология вазирлиги Диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказий бошқармаси томонидан Самарқанд вилоятида чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлашнинг олдини олиш мақсадида онлайн кузатув камералари ўрнатилмоқда.

Фото: Bugun.uz

Энди белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаган фуқаролар ва автомашиналар рўйхати шакллантирилиб, вилоят ИИБ бошқармаси маълумотлар базасидан автомашина эгалари тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг манзиллари олинади. Кейин эса вилоят Экология бошқармаси ҳудудий инспекторлари фуқароларнинг яшаш хонадонларига бориб, ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берилади. Уларнинг хатти-ҳаракати белгиланган тартибларга зид эканлиги, атроф-муҳитга зарар келтириши тушунтирилиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилади ва тегишли жазо чоралари қўлланилади.

Маълумот учун, айни дамда Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Наманган, Андижон, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида онлайн камералар ўрнатилган. Бу камералар фаолияти доимий кузатиб борилади. Камералар нафақат белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш, балки бошқа турдаги экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам аниқлаш ва ўз вақтида чора кўриш имконини беради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: