21:18 | 06.06.24

                       

Самарқандда эри муттасил калтаклаб, оч қолишга мажбурлаган аёл ўзини ўлдирди

Самарқандда эри муттасил калтаклаб, оч қолишга мажбурлаган аёл ўзини ўлдирди. Унинг уч ва икки ёшли болалари бор.

Самарқандда эркак аёлини муттасил калтаклаб, уни оч қолишга мажбурлади. Бу ҳақда Bugun.uz манбалари хабар берди.

Маълум қилинишича, Д.А. (эркак) 2019 йил 6 август куни Каттақўрғон шаҳарида Ф.А. билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қуриб, яшаб келган. Ф.Анинг моддий томондан қарамлигидан, унинг ота-онаси Россия Федерациясига ишлаш учун кетганлиги, оилавий низоларни уларга айта олмаслигидан фойдаланиб, уни уй ишларини қила олмасликда айблаган. Унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиб, унга доимий равишда қўпол ва раҳмсиз муносабатда бўлган. Муттасил калтаклаб, уни озиқ-овқат ва бошқа зарур уй-рўзғор буюмлари билан таъминламасдан унинг ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиб, унинг ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўлган.

Судда эркак хотинининг ўлимига алоқадорлигини бутунлай рад этди. Бироқ, суд томонидан тиббий кўриклар ва гувоҳлар шаклида олинган далиллар эркакнинг сўзларини инобатга олмаган.

Оқибатда Ф.А. турмуш ўртоғининг унга нисбатан бўлган раҳмсиз муомаласига чидай олмасдан, ўрталарида икки нафар гўдак фарзандлари бўлишига қарамасдан, 2023 йил 19 ноябрь куни уйида сирка кислотаси ичиб ўз жонига суиқасд қилган. У шаҳар тиббиёт бирлашмаси «жонлантириш» бўлимига ётқизилиб, шифохонада кўрсатилган даво муолажаларига қарамасдан 21 ноябрь куни вафот этган.

Қайнона куёви қизини «сен қулларнинг боласисан», деб камситиб, доимий равишда уриб раҳмсиз муомалада бўлиб келганини айтган. Шунингдек, куёви қизини пичоқламоқчи бўлиб пичоқ билан ташланган вақти қизи уни қўлидаги пичоқни ушлаб қолган ҳолат ҳам бўлган. Куёви қизини уриб, жисмонан ва руҳан эзиб келгани, қизи эрининг унга нисбатан муомаласи, доимий равишда уни ҳам руҳан ҳам жисмонан эзиб, муттасил равишда камситиб қийнаб келганига чидолмасдан сирка кислотаси ичиб вафот этгани ҳақидаги гапириб берди.

Д.А.га ЖКнинг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 2-қисми «а» банди билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Вояга етмаган 2021 йилда туғилган ва 2022 йилда туғилган фарзандлари ўн тўрт ёш бўлгунга қадар шаҳар ҳокимлиги томонидан уларнинг бувиси васий этиб белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: